Тарихдан маълумки, Aлишер Навоий нафақат шоир ва давлат арбоби, балки илм-маърифат санъат ҳомийси сифатида ҳам донг таратган инсон эди. У кишининг бевосита ҳомийликлари остида яна бир буюк санъаткор, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод камол топгани эса сўз ва тасвирнинг нақадар уйғун санъат эканлигини англатади. Бугунги кунда ҳам Камолиддин Беҳзод издошлари буюк шоирнинг ўзбек санъатига бўлган хайрихоҳлигини унутмаган десак муболаға бўлмайди. Шу кунларда шеърият мулкининг султони, буюк шоир Aлишер Навоий бобомизнинг ҳамда яна бир ўзбек миллатининг улуғ фарзанди, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунларини бутун юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Мана шундай кунларда юртимиз кенг жамоатчилиги қатори тасвирий санъат усталари ҳам бу кунга ўзгача тайёргарлик кўриб, турли кўргазма ва тадбирлар ўтказиб келишмоқда.

Aна шундай кўргазмалардан бири Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тасвирий санъат факултети, “Театр безаги рангтасвири” йўналиши 4-босқич талабаси Aбдуғаффоров Достон томонидан Республика Ёш томошабинлар театрида ташкил этилди. Мазкур кўргазманинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, театрга ташриф буюрган ёш томошабинлар спектакль томоша қилишдан олдин ҳамда томошадан сўнг мазкур кўргазма билан танишиш имконига эга бўладилар. Бу эса ўз ўрнида томошабинлар учун икки карра маданий ҳордиқ вазифасини ўтайди.

Кўргазмада намойиш этилаётган асарларга назар ташлар экансиз ижодкор тарихий шахслар ҳамда бугунги табиат манзараларига катта эътибор қаратганига гувоҳ бўласиз. Бу эса сақланиб келаётган тарихий ананаларга ҳам бугунги кун манзарасига ҳам бирдек интилишидан далолат беради. Энг муҳими ёш рассом ўз устида ишлайди, ривожланади, янгиликка интилади. Бу кўргазма ҳам бунинг исботи сифатида ташкил қилинди десак муболаға бўлмайди. Биз ҳам ёш рассомнинг келгуси ижодига улкан мувафаққиятлар тилаб қоламиз.