Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувларида олдимизга қўйган вазифалар ижросини таъминлаш бугунги кун учун энг долзарб масалалардан бирига айланди. Бугунги кунда ёшлар орасига кириб бориш, уларнинг муаммолари билан яқиндан танишиш барча соҳа вакиллари учун ҳам бирдек зарур ва шарт.

Кaмолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтида Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан Дизайн ва Санъатшунослик факультети талабалари учун “Гиёҳвандликка қарши кураш”, “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзуларида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбирда Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ бўлимидан подполковник Отабек Жамолов, Яккасарой туман ИИО ФМБ тероризм ва экстримизмга қарши кураш катта тезкор вакили майор Кошибовлар ҳам ташриф буюриб, талабалар билан суҳбат ўтказди.

Тадбирда дастлаб “Гиёҳвандликка қарши кураш”, “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзуларида ведиороликлар намойиш этилди.

Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси энг долзарб муаммолардан, инсониятга жуда катта салбий таъсир ўтказаётган омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Унга қарши курашда бир лаҳза ҳам сусткашликка йўл қўйиб бўлмайди. Касални даволагандан олдини олиш осон бўлганидек, бу бало билан ҳам курашда, айниқса, ёшлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифадир.

Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш учун энг самарали восита ҳам, албатта, улар билан мулоқот олиб бориш, уларнинг муаммолари, салбий дунёқарашларини ҳали авж олиб кетмасдан аниқлаш, уларга бунинг оқибатларини тушунтиришдан иборат. Бу йўналишда қанчалик кўп иш қилинса, жиноятлар сони шунчалик камайиб бораверади.

Бугунги давра суҳбатида айни шу мавзулар юзасидан мулоқот қилинди. Шунингдек, талабаларга бундай вазиятларга дуч келганда қандай чоралар кўриш лозимлиги тўғрисида батафсил тушунчалар берилди. Талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан ИИБ ходимларига мурожаат қилиб, батафсил жавоблар олишди.

         Шунингдек, тадбир сўнгида фаол талабаларга Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.