
Мутахассисларни тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш борасида кўрсатилган вазифалар институт кафедраларининг ташкилотлардаги филиалларини очиш заруриятини кўрсатмоқда. Шу мақсадда 2020 йил 15 январь куни Ўзбекистон давлат санъат музейида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Музейшунослик кафедрасининг филиали очилиб, бугунги кунда “Экскурсияшунослик”, “Музей интерьерини лойиҳалаш”, “Музей иши асослари”, “Фотография” каби фанлар музей экспозицияси ва фонд заҳирахоналарида амалий машғулот сифатида ўтилмоқда.

Бугун Музейшунослик кафедрасининг Ўзбекистон тарихи давлат музейида ҳам филиалини очилиши етук малакага эга музейшунос кадрларни тайёрлашда янада кўпроқ имкониятларни яратади.

Профессор-ўқитувчилар, музей ходимлари ҳамда талабалар иштирокида ўтган очилиш маросимида дастлаб институт ректори Нодирбек Сайфуллаев сўзга чиқиб, бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Олий таълим тизимида, шу жумладан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бераётганини, бу филиалнинг очилишида ҳам айни шу ўзгаришлар самараси эканлигини таъкидлаб, бундан сўнг ҳам институт бундай филиалларни кўплаб ташкил этишни режалаштираётганини, нафақат давлат ташкилотлари қошида, балки хусусий ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳам институт филиаллари бўлиши зарурлигини, талабалар бевосита амалиёт билан боғлиқ равишда таълим олса, улардан ўз касбининг ҳақиқий мутахассислари етишиб чиқишини айтиб ўтди.
Шундан сўнг сўзга чиққан музей директори Жаннат Исмаилова бу филилнинг очилиши ҳар иккала муассаса учун ҳам бирдек қувончли ҳодиса эканлигини, институт талабаларнинг бевосита жараённинг ичида таълим олишлари билан ютса, музей бўлажак кадрларини ҳозирдан саралаб олиб келажакда ҳам кадрлар муаммосига дуч келмаслигидан ютишини таъкидлаб институт раҳбариятига ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг филиалнинг ташкил этилиши борасида меморандум имзоланди, ҳамда Музешунослик кафедрасининг Ўзбекистон тарихи музейидаги филиали расман иш бошлади.
“Санъат асарларини физика-кимёвий экспертизаси”, “Музей ашёларини экспертизаси ва реставрацияси” фанларини айнан реставрация лабораторияларига, муҳими тажрибали мутахассисларга эга бўлган Ўзбекистон тарихи давлат музейида ўтказилиши етук малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги муҳим қадамлардан бири саналади.