
Инсониятнинг бебаҳо ихтироларидан бири бу қоғоз десак муболаға бўлмайди. ХХI аср компютер технологиялар ривожи ҳам бу ихтиронинг нуфузига путур етказа олмаяпти. Қоғоз тайёрлаш ананалари Ғарбда ҳам Шарқда ҳам ўзига хос тарзда ривожланиб, бугунги кунда санъат даражасига етиб улгурган.

Мана шундай беқиёс санъатни янада ривожлантириш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда “Уста Даврон” Миниатюра маркази ҳамкорликда Франциялик мутахассис, профессор Жак Брежу ҳамда “Шуҳрат” медали соҳиби миниатюрачи рассом Даврон Тошев иштирокида “Шарқ ва Ғарб қоғоз санъати” мавзусида семинар ташкил этилди.

Меҳмонларни дастлаб институт ректори Нодирбек Сайфуллаев қабул қилди ҳамда ушбу ташриф билан қутлади. Бундай семинарлар ташкил этиш нафақат институт учун, балки бутун санъатимиз учун ҳам жуда қувонарли ҳодиса эканлигини таъкидлаб, бундан сўнг ҳам бундай алоқалар янада ривож топиб боришига умид билдирди ҳамда меҳмонларга эсдалик совғалари тақдим этди.

Ўз навбатида меҳмонлар ҳам юртимиз ҳамда институт ҳақида жуда ижобий фикрда эканлигини баён қилиб, самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди. Шу билан бирга юртимиз санъати Францияда доимо қадрланишини эътироф этиб ўтишди.

Институт фоесида ўзбек миниатюра ҳамда қоғоз санъатига бағишланган кўргазма ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Юртимиз жаҳондаги энг қадимий қоғоз тайёрлаш марказлари қаторига кириши шубҳасиздир, кўргазмадаги қоғозлар ҳам буни исбот этиб турибди. Меҳмонлар ҳам буни эътироф этиб, келажакда ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди.

Шундан сўнг институт профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда меҳмонлар иштирокида “Шарқ ва Ғарб қоғоз санъати” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинарда Жак Брежу Ғарб ва ШАРҚ қоғоз санъати тарихи, бугуни ҳамда йўналишлари борасида маъруза қилди ҳамда ўзи тайёрлаган қоғозлардан намуналар тақдим этди.