Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида олий таълим тизимида коррупцияни олдини олишга қартилган “Коррупциясиз соҳа” мавзусида Ўзбекистон Бадиий академияси ходимлари, институт раҳбарияти, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан олий таълим соҳасини коррупциясиз соҳага айлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб, Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларидан иқтибос келтириб ўтди. “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”.

Ўзбекистон Бадиий aкадемияси Бош илмий котиби Феруза Aбиджанова коррупциянинг санъат соҳасида учрамаслиги лозимлигини айтиб, ДХХ ходимларига ҳамкорлик учун ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда профессор-ўқитувчиларни бу иллатга қарши муросасиз курашишга чорлади.

Шунингдек, тадбирда коррупциявий ҳаракатлар оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи видеоматериал тақдим этилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, олий таълим тизимида коррупцияга йўл қўйиш кечириб бўлмас жиноятдир. Бугунги талаба-ёшлар келажакда давлатимизнинг таянчига айланади. Уларга эса ҳалоллик, шаффофлик принциплари асосида таълим тарбия берсак, эртага улар борган жойларида бу иллатни ривожланишига ҳеч қачон йўл қўймайди.