Баҳор – байрамларга бой фасл. Баҳор – янгиланиш, яшариш, гўзаллик фасли. Нафосат фаслининг илк кунларидан байрамлар муносабати билан тадбирларнинг ташкил этилиши барчага янада кўтаринкилик бағишлайди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам шукуҳли дамлар доим ўзгача нишонланган. Шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 4 март куни институтнинг ўқув биносида ўтказилди.    

Санъатшунослик факультети томонидан 8 март – “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан “Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл” деб номланган байрам тадбири иштирокчиларга ўзгача кайфият бағишлади. Факультет аёллари, талаба-қизларига бағишланган ушбу байрам кечасида Ўзбекистон давлат Консерваторияси Эстрада факультети талабаларининг миллий ва замонавий услубда ижро этилган қўшиқлари, жаҳон классикаси намуналаридан иборат тароналари, Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқувчиларидан иборат доирачилар гуруҳининг бадиий чиқишлари тадбирга шукуҳ бахш этди.

Тадбир якунида факультет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талаба йигитлари устозларни байрам билан муборакбод этишди. Баҳорий гулдасталар, илиқ табриклар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.