

Aзиз ва муҳтарама аёллар!
Қадрли опа –сингиллар, ҳамкасабалар, талаба қизлар!
Сизларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин юракдан муборакбод этаман! Бамисоли баҳор элчиси бўлиб келаётган, ўзингиздек гўзал ва дилбар мана шу қутлуғ айёмда сизга узоқ умр, сихат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонингизга файзу-барака тилайман.
Бугунги кунда юртимизда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, хотин-қизларнинг жамиятимиз ривожида тутган ўрни ва мавқеи ортиб бормоқда. Юртбошимизнинг ҳар бир чиқишлари, кўплаб фармон ва қарорларида хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш борасида сўз боради. Жорий йилнинг 24 январь куни Парламентга йўллаган Мурожаатномаларида ҳам кўплаб долзарб мавзулар қатори хотин-қизлар муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Ҳозирда умумхалқ ҳаракатига айланиб кетган 5 та муҳим ташаббуснинг бешинчиси ҳам айнан хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади. Бундай мисолларни яна кўплаб давом эттириш мумкин.
Ўйлайманки, хотин-қизларга, аёлларга мана шундай юксак ҳурмат билан қараладиган гўзал юртда яшашнинг ўзи улкан бахт, туганмас бойликдир.
Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ёзганларидек:
Бу кун ўзгачадир жилвайи олам,
Бу кун ўзгачадир борлиқда ханда.
Бу кун кўзларимга ҳатто қуёш ҳам,
Шафақ гулшанида таранг чирманда.
Бу кун айёмингиз муборак қилиб,
Зумрад сепини ёйибди баҳор.
Баҳорий қизларнинг ҳуснидай бўлиб,
Олам гўзаллиги бўлсин барқарор!
Мунис ва мўътабар аёллар, сизларни яна бир бор байрам билан қутлашга ижозат бергайсиз. Бундан кейин ҳам доимо соғлиқ-саломатликда юртимиз ривожи учун биргаликда хизмат қилиш насиб этсин!
Ҳурмат билан,
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий
рассомлик ва дизайн институти ректори,
тарих фанлари номзоди, доцент.
