Баҳор фасли гўзал баҳрамлари билан қадрли. Мана шундай гўзал байрамлардан бири, шубҳасиз, 8 март – Халқаро хотин- қизлар кунидир. Мана шу байрамда мунис аёлларга байрамона кайфият улашиш, уларни байрам билан қутлаш мақсадида 2020 йил 7 март куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан институтда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар учун Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрида “Аёл борки, олам мунаввар” номли байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида ташриф буюрган барча аёллар, яъни институт профессор-ўқитувчилари ҳамда ишчи ходимлари ҳурмат ва эҳтиром ила гуллар билан кутиб олинди ва уларга байрам совғалари улашилди. Байрам дастурини институт ректори Нодирбек Сайфуллаев очиб бериб, кириб келаётган баҳор айёми ҳамда Халқаро хотин-қизлар куни билан институтдаги барча мунис ва мўътабар аёлларни чин дилдан қутлади.

Шундан сўнг театр жамоаси театрлаштирилган томошалари ҳамда шўх куй-қўшиқлари билан йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Азиз ва дилбар опа-сингиллар, мухтарам онахонлар! Институт раҳбарияти сизларни нафосат ва гўзаллик айёми – 8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан самимий муборакбод этади. Ҳар бирингизга ўз хонадонингизнинг фариштаси ва бекаси, севимли ва вафодор ёр, меҳрибон она, яқинларингиз ардоғида бўлиб юриш насиб этсин! Байрамингиз муборак бўлсин!