Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинган эди. Ушбу қарорга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизлари аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, санъат, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

 Қувонарлиси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Санъатшунослик факультети 2-босқич талабаси Мадина Норчаева ҳам ушбу юксак эътирофга сазовор бўлди.

Бугун институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Мадина Норчаева билан учрашар экан, аввало, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб етишишлари учун мамлакатимизда кенг имкониятлар эшиги очилгани, ўз ўрнида ёшлар ҳам ушбу имкониятлардан унумли фойдаланишлари зарурлигини таъкидлади. Мадинани юксак мукофот билан самимий муборакбод этди. Унга сиҳат-саломатлик, ўқиш ва ижодларида улкан зафарлар тилади.

Мадина ҳам мукофотни қўлга киритишида институтнинг ҳиссаси катта эканлигини айтиб, институт раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

– Бугун мен жуда ҳаяжондаман, чунки Муҳтарам Юртбошимизнинг ўзларидан мукофотни қабул қилиб олиш менга улкан қувонч бахш етди. Мукофот ижодий баркамолликка эришишим, янада катта маррраларни эгаллашимда куч ва ғайрат бағишлади. Хотин-қизларга, аёлларга мана шундай юксак ҳурмат билан қараладиган гўзал юртда яшашнинг ўзи улкан бахт, туганмас бойлик. Мен шу юртнинг бахтли қизларидан бири сифатида Юртбошимизнинг ишончларини оқлашга ваъда бераман. – дея ўз таассуротларини билдирди Зулфия ноимдаги давлат мукофоти совриндори Мадина Норчаева.  

Мадина 2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил қилинган “Зомин” семинарида қатнашиб устоз шоир ва ёзувчилар ҳамда тенгдошларининг эътирофига сазовор бўлган. Шу билан бирга республика миқёсида ўтказилган турли фестивалларнинг фаол қатнашчиси. Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган “Ўзбекистон баҳори” фестивали ғолибаси, Республика Ёш Ижодкорлар кенгаши ташаббуси билан ўтказилган туркий тилли ёшларнинг “Самарқанд шеър оқшомлари” семинари иштирокчиси. 2019 йилда Республика Ёш Ижодкорлар кенгаши томонидан ташкил қилинган “Оролдаги одамлар” лойиҳасида иштирок этиб, қорақалпоқ аёллари ҳаётига бағишланган туркум шеър ва эсселар муаллифи ҳисобланади.

Мадинанинг ижод намуналари “Жилғалар қўшиғи”, “Ёшлик” каби ижодкор ёшлар баёзларида, “Ёшлик”, “Дугоналар”, “Ёш куч” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси” газеталарда ва нуфузли интернет нашрларида эълон қилинган.

Институт жамоаси Мадина Норчаевани юксак мукофот билан муборакбод этади.