Ижтимоий ва шахсий онгни, дунёқарашни шакллантирувчи муҳим омиллардан бири – санъат ҳисобланади. Санъат инсонларга ўзлигини  янада намоён этишга, ўзининг маънавият дунёсига, ўзлигига чуқурроқ кириб боришга, орзулар оламига ғарқ бўлишга ёрдам беради. У борлиқнинг мавжуд бизга маълум бўлган қирраларидан чекланиб, умуман ўзга бир оламда яшашимизга ёрдам беради. Шунинг учун хам санъатнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти чексиз ва бебаҳодир.

Бугун юртимизда санъат ва маданиятга бўлган юксак эътибор янада ортиб бормоқда.   Шу ўринда муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил 21 апрель куни  имзоланган тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори айни  ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қарорда буюк тафаккур эгаси тенги йўқ ва такрорланмас ижоди, гўзал миниатюра санъати ва ажойиб маҳорати билан нафақат Шарқда, балки бутун дунёда ҳам ўчмас из қолдирган «Шарқ Рафаэли» деб юксак даражада эъзозланган Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигининг кенг нишонланиши ва унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент кўчаларидан бирига унинг номини берилиши, Камолиддин Беҳзод номидаги стипендиянинг таъсис этилиши каби муҳим масалаларнинг акс этганлиги тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги буюк меросимизга бўлган юксак эътироф намунаси десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ижодий йўналишда олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди. Бу эса тасвирий санъат ижодкорларининг салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш, устоз шогирд анъаналарининг давом эттирилишига, маҳорат устахоналарининг ташкил этилишига сабаб бўлади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳатлари шундан иборат бўлдики, унда, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш вазифалари ҳам белгиланган. Жумладан институт атроф ҳудудида қўшимча ўқув биноси, галерея, замонавий ахборот марказининг қурилиши истеъдодларнинг ўзларини янада кенгроқ намоён этишларига, бадиий таълим сифатининг кескин ошишига, келажакда етук малакали кадрлар етишиб чиқишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 Ҳужжатда юксак эстетик дид ва алоқий маданиятга эга ижодкор ёшларни етиштириш мақсадида адабиёт, тарих, эстетика, этика, ижод психологияси фанларини ўқитиш каби  вазифалар ҳам ўз аксини топди. Чунки соҳа тараққиёти ахлоқий жиҳатдан етук, иродаси бақувват, иймони бутун, ижодий фикрлайдиган, юксак салоҳиятли ёшларни тақазо этади. Бу фанларнинг ўқув режаларига киритилиши бўлажак соҳа кадрларининг  умуммаданий савиясини юксалтиришга, комиллик сари интилиб яшаш кўникмаларини шаклланишига ҳисса қўшади.

Президентимиз томонидан имзоланган ушбу қарор тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришда,  миллий меросимизга бўлган эътиборни янада кучайтиришда, уни асраб авайлаш ва келажак авлодга етказишда, соҳанинг бутун дунё билан беллаша оладиган кадрларини тарбиялашда муҳим дастурамал бўлиб хизмат қилади.

Ижтимоий фанлар, педагогика

ва касбий таълим кафедраси мудири,

фалсафа фанлари  номзоди, доцент                               У.А.Утанова