Санъатнинг шундай тури борки, у инсонларга завқ улашади. Уни фақатгина ҳайрат билан томоша қилмайсиз, балки ҳис қила оласиз ҳам. Бу қадим-қадимдан юртимизда кенг ривожланиб, равнақ топиб келаётган – амалий санъатдир. Мазкур санъат тури эса бир неча хил йўналишларни ўзига қамраб олади. Ана шу турлардан бири сомон санъатидир.

Мен кўп йиллардан буён санъатнинг бу тури билан шуғулланиб келаман. Айтиш мумкинки, оддийгина сомондан инсонни ҳайратга соладиган санъат асарларини яратиш худди мўъжизага ўхшайди. Ана шу мўъжизаларни эса  инсонлар яратади.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ -4688- сонли Қарорини ўқиб тўғриси ўз касбимга бўлган меҳрим янада орта бошлади. Энди англадимки, амалий санъатга эътибор кучайдими, демак, бу соҳада туб бурилишлар даври бошланади.

Мен ҳунармандчилик билан бир қаторида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам талабаларга Бадиий фотография соҳаси сирларини ўргатиб келаман. Мен фаолият олиб бораётган олий ўқув юртини ҳар йили юзлаб ёш мутахассислар тамомлайди. Кейинчалик эса ўз соҳаси бўйича фаолият олиб боради. Биз устозларга улар фаолият юритаётган корхоналардан ҳам раҳматномалар келиб туради. Шунинг ўзи биз учун қилган меҳнатимизнинг маҳсулига айланади.

Бундан ташқари, ўзим раҳбарлик қиладиган Баракхон мадрасасидаги ижодий устахонада ҳам устоз-шогирд анъаналари бўйича ўз шогирдларимга соҳа сирларини ўргатиб келмоқдаман. Шогирдларимизнинг аксарияти ўз ижодий ишлари билан дунё кезмоқда. Ўзбекнинг санъатини оламга ёймоқда десак, хато бўлмайди.

Ўз фаолиятим давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларида шахсий кўргазмамни ташкил қилдим. Халқаро фестивал ва конференцияларда имконияти чекланган ёшларни амалий санъатга қамраб олиш, уларнинг ижодий потенциалини ошириш бўйича кўплаб маърузалар ва маҳорат дарсларини ташкил этдим. Улардан асосий мақсадим эса, мен сингари имконияти чекланган ёшларни санъат орқали ижтимоий ҳаётга мослаштириш эди.

Дунёнинг қай бир мамлакатида бўлмай, албатта, улар менинг кўргазмамдан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюриш истаги туғилганини айтишади. Бизнинг бой маънавий меросимиздан баҳраманд бўлмоқчи эканлиги уларнинг юз кўзларидан билиниб туради. Ноанъанавий тарзда ташкил қилинадиган маҳорат дарсларимга қатнашган иштирокчилар ҳам ўзлари мустақил равишда сомон билан ишлай бошлаганини, айниқса, ҳаётга бўлган умиди сусайиб бораётган одамларнинг кўзида яна қувонч кўрганимда, менинг инкулизив “санъат терапиям” ўз натижаларини бераётганидан мамнун бўламан.

Юртбошимиз имзолаган қарорда ҳам айнан устоз-шогирд анъаналарига алоҳида урғу берилган. Бу бежиз эмас, албатта. Моҳир уста қачонки ўз ортидан муносиб шогирдларни қолдира олсагина, ўз касбининг, санъатининг давомчилари борлигини билсагина ана шунда у юксалади. Мен ҳам бу қарорни ўқиб миллий анъаналар илдизидан сув ичган янги Ўзбекистоннинг замонавий амалий санъати довруғини оламга кўз-кўз қилиш навбати энди ўз шогирдларим билан биргаликда эканлигини англаб етдим.

Кўпдан бери менинг бир орзуим бор эди. У ҳам бўлса, ёшлар ва имконияти чекланганларга тасвирий ва амалий санъат турлари бўйича сабоқ олишлари мумкин бўлган марказни бунёд этиш. Мен бу ҳақда кўп ўйлаганман. Ҳаттоки лойиҳаларни ҳам тайёрлаб қўйганман. Фақатгина буни амалга ошириш учун менда туртки йўқ эди. Энди эса ҳаммаси ўзгарди. Қарорни ўқир эканман, англадимки, мен албатта буинкулизив “санъат терапиям” марказини ташкил этишим керак. Ана шунда юртбошимиз истаганларидек, истеъдоди бор бўлган ҳар бир ёш санъат турини пухта ўзлаштириб, ўз ижод намуналари билан дунё кеза олади.

Жасур ЖУМАЕВ,

Сомон санъати устаси,

Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси,

“Ҳунарманд” уюшмаси фахрий аъзоси,

“Жасорат” медали соҳиби