Ҳозирда бутун юртимиз бўйлаб табиий офатдан зарар кўрган Сирдарё аҳлига инсонпарварлик ёрдами юборилмоқда. Соховатпеша халқимизнинг бирдамлиги, меҳр- муруввати, қийин кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлашга шай экани бугун яна бир карра намоён бўлмоқда.


Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси ҳам Сардобада юз берган табиий офат ҳақидаги хабарни эшитган заҳоти бу воқеадан ташвиш билдиришди ҳамда ёрдамга шай эканликларини маълум қилишди. Энг биринчи навбатда табиий офат юз берган ҳудудда ва унинг яқинида яшовчи талабалар ҳолидан хабар олинди ҳамда уларга институт раҳбарияти ва ходимлари юз берган воқеадан ташвишда эканлиги, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги етказилди.
Бугун эрта тонгдан институт биносига институт ходимлари, профессор-ўқитувчилар томонидан Сирдарёда табиий офатдан зарар кўрган аҳолига кўмак бериш мақсадида тақдим этилган озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар келиши бошланди. Шунингдек, ҳозирда карантин бўлгани сабабли аксарият ходимлар ўз ёрдамларини пул ўтказиш йўли орқали ҳам тақдим этдилар.


Куннинг иккинчи ярмида инсонпарварлик юклари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил етилган инсонпарварлик карвони билан сирдарё вилоятига жўнатилди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси Сирдарё аҳли билан доимо бирдам ва бундан кейин ҳам воқеа оқибатлари тўлиқ бартараф этилгунча ҳар қандай кўмак кўрсатишга шай эканликларини маълум қилишди.
Шу ўринда бугун ушбу хайрия тадбирига ўз ҳиссасини қўшган, бирдамлигимиз ва аҳиллигимизни яна бир бор намоён қилганлари учун барча ходимлар ва профессор ўқитувчиларга миннатдорчилик билдирамиз.