Мени кутгил ва мен қайтарман,

Фақат кутгил, жуда интизор,

Кутгил, ёмғир зериктирганда,

Мени кутгил, ёққанида қор…

(Константин Симонов)

Аждодлар руҳини ҳотирлаш ва уларнинг бажарган улуғ ишларига ҳурмат бажо келтириш халқимизнинг азалий қадриятларидандир. Ўз тарихимизни биз ёшлар яхши билсак ва англасак халқимиз хеч қачон йўқликка юз тутмайди. Ота – боболаримиз томонидан эгилмас иймон, мардлик, метин ирода, Ватанга бўлган муҳаббат ва энг олий туйғулар бирла суғорилган бу она Ватанимизни асраб – авайлаш, унда қайиндек барқарор ёш авлодни ва юрт фидоийларини ўстириш хар бир фуқаронинг олий мақсади бўлиши даркор. Бу эзгу йўлда мухтарам юртбошимизнинг ташаббуслари таҳсинга лойиқдир. Бунга мисол, 9 – май  “Хотира ва қадрлаш” кунида “Улуғ ватан уруши қатнашчилари, Ўзбекситон аҳолисининг уруш йилларида фронт ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонликлари ва буюк хизматлари”ни ёритиб бериш мақсадида пойтахтимизда очилган, “Ғалаба боғи ва Шон-шараф музейи” президентимиз сиёсатининг ёрқин тимсолидир.

Мазкур “Ғалаба боғи” ва “Шон-шараф музейи” 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев фармонига биноан курилиши бошланган.

Улуғ ватан уруши даврида ўзбекистонликларнинг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасоратлари, буюк хизматларини нафақат ўсиб келаётган ёш авлодда, балки бутун Ўзбекистон халқида Ватанга бўлган садоқат, олий инсонийлик туйғулари ва тинч ва мустақил ҳаётга бўлган шукроналикни сингдириш боғнинг барпо этилишидаги асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Ғалаба боғи Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Сағбон кўчасида жойлашган бўлиб, 14 гектар майдонни ўз ичига олади. Боғ 12 та ҳудуддан ташкил топган. Ҳар бир ҳудуд ўзининг тематикаси ва маълум бир воқеани очиб берувчи инсталляцилар, ҳайкаллар ва рельефлардан иборат.

  1. “Урушнинг дахшатли қиёфаси” майдони.

Мазкур худудда, ҳарбийлар штаби, блиндажлар, окоплар, совет аскарлари томонидан уриб туширилган немис самолёти, BMW русумли мотоцикл ва Тигр русумли немис танки, Максим русумли пулемётлар, миномётлар, Амерсфорт концлагеридаги 101 ўзбек асири инсталляциялари ва девор кўринишидаги фронт чизиғидан иборат. Уруш майдонга қадам босар экансиз, дафатан кўз олдингизга Ватан учун жон бераётан аскарлар, уларнинг қанчадан-қанча орзу-умидлари жанг майдонларига кўмилганлигини ҳис  этасиз.

  • Ҳарбий техникалар майдони.

Иккита майдончадан иборат бўлиб: 1) Совет танклари, афсонавий Т-34 танки, оғир артиллерия техникалари, пушкалар, Катюша ва бошқа турдаги ҳарбий машиналар ўрин олган; 2) Авиация майдончасида Улуғ ватан уруши даврида Узбекистондаги ТАПОиЧ заводида Ишлаб чиқарилган ЛИ-2 юк ва одам ташувчи самолётининг намунаси ва бошка қирувчи самолётлар ўрин олган. Очиқ осмон остидаги экcпонатларга қараб, инсон зоти бир-бирини қириш учун ўйлаб топган қурол-аслаха ва техникалар ҳеч қачон ишга тушмаслигини орзу қиласан киши.

  • Марказий хиёбон.

Хиёбоннинг икки томонида уруш даврини ифодаловчи, 1941-1945 йилларнинг хронологик тартибда кўрсатилган воқеалари рельеф кўринишида акс этган.

  • Фронт орти ҳудуди.

Мазкур майдонда, Узбекистонга Россия ўлкаларидан эвакуация қилинган заводларнинг инсталляциялари, ўзбек оилалари асраб олган болалар хайкаллари ўрин олган. Фронт ва фронт орти ҳудудини ажратиб турувчи деворда 12 вилоят нонларини ифодаловчу рельеф, аскарларнинг қўл излари ва яраланган биродарини жанг майдонидан олиб чиқаётган жангчи образи тасвирланган.

  • Темир йул вокзали.

Вокзал ҳудудида, пассажир ва юк ташувчи, санитар поездлари ўрин олган бўлиб томошабин локомотивлар ичига кириб ўша давр шукуҳини ҳис этиши мумкин. Вокзал биноси ичида, урушга аскарларнинг кетиши, фронтга озиқ-овкатлар ва иссиқ кийимлар жунатилиши жараёнлари курсатилган.

  • Мотам ва ғам-андуҳ ҳудуди.

Мазкур майдон иккига ажралган бўлиб, ўнг томонда бешта забардаст ўғилларини урушдан кайтишини интизорлик билан кутаётган Зулфия ая Зокирова ва келинларининг хайкаллари жойлашган. Мазкур монументал ҳайкаллар ансамблини институтимизнинг II  босқич магистранти Норбоев Баҳром бажарганлиги алоҳида таҳсинга лойиқ. Баҳром салобатли образларни яратишда, уларни томошабинга янада таъсирлироқ қилиб етказишда аниқ маълумотларга таянганлиги унинг энг катта ютуқларидан биридир. Шунингдек, майдоннинг чап томонида, инсон кўзини шартли равишда ифодаловчи портал жойлашган бўлиб, унинг ичига қабр тошлари урнатилган. Қабр тошларида учта йирик дунё динлари, Ислом, Яхудийлик ва Насронийлик рамзлари туширилган. Яъни бундан, «Уруш на дин, на миллат ва ирқ танлайди», «Барча дин вакиллари ягона мақсад, дунёдан фашизмнинг номини йўқ, қилиш учун қурбон бўлганлар» деган маьноларни беради. Ёдгорликнинг олд қисмида кичик кўлмакча бўлиб, у урушда тўкилган кўз ёшларнинг рамзий маьносини англатади.

  • Шоду-хуррамлик ҳудуди.

Мазкур майдонда кафе, хордиқ чиқариш учун ўрнатилган ўриндиқлар мавжуд.

  • Ғалаба ҳудуди.

Майдончада ландшафт гуллари ва дарахтлари экилган.

  • Шукроналик ҳудуди

Болалар учун аттракционлар, кўнгил очар арғимчоклар ўрнатилган.

  1. Амфитеатр ҳудуди

Давлат ахамиятига эга тадбирлар бўлиб ўтади.

11. Шон-шараф музейи.

Музей қўрғон кўриншида бунёд этилган. Бунда ҳам улуғ бир маъно бор. Қадимда туркий қабилалар ва бошқа ҳалқларда, жанг майдонларида вафот этган саркарда ва аскарлар шарафига атаб қўрғонлар барпо этилган. Музейнинг устки қисмида 14 та Иккинчи жаҳон уруши қахрамонлари шарафига ўрнатилган хайкаллар ўрин олган. Марказда генерал Собир Рахимов ҳайкали қад кутарган. Унинг атрофида жангларда мардлик ва қахрамонлик кўрсатган ватан фидоийлари ўз салобатлари билан томошабинни ҳайратга солади. Шунингдек, музейнинг устки қисмида 301 та ўзбекистонлик қахрамонлар шарафига 301 та дарахт ўтказилиб уларнинг остки қисмига хар бир қахрамоннинг исми шарифи ёзилган мармар таблолар ўрнатилган. Музейнинг ички қисми алоҳида катта мавзу.  

Мазкур объект қурилишига ва ташкил қилинишига жуда катта куч ва заковат сафарбар қилинди. Келажак авлод бажарилган ишлар ва бундаги олий мақсаддан керакли хулоса чиқариб ВАТАН равнақи, инсоният тараққиёти учун хизмат қилади деган умиддаман.

Эгамов Алишер.

 Санъатшунослик мутахассислиги 1-босыич магистранти.