Глобализм даврида турли таҳдидлар қамровида ривожланаётган кишилик жамиятида яна бир синовли кунлар коронавирус пандемияси юзага келди. Ҳатто шундай оғир дамларда ҳам санъат ва маданият инсонларга куч бағишламоқда. Барча таълим ва маданий муассасаларининг изоляцияга ўтиши ҳамда бу жараёнларда энг йирик музейлардан тортиб то кичик галереялар иш тартибининг шиддат билан онлайн тизимига ўтаётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Мамлакатимизда ҳам жаҳондаги музейлардан қолишмайдиган нодир объектлар борки, уларга ҳам онлайн ташриф буюриш, санъат асарларидан баҳра олиш учун имкониятлари яратилмоқда. Бугундан бошлаб бутун дунёда 18 май – Халқаро музейлар кунини нишонлаш бўйича онлайн тадбирлар ўтказилишига старт берилди. Шу муносабат билан, Санъатшунослик факультети Музейшунослик кафедраси томонидан ҳам “Пандемия даврида # музейлар реновацияси” илмий-амалий конференцияси ZOOM платформасида ташкил этилди.


Онлайн конференция Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Файзиева Васила Салиховна, Ўрол Тансикбоев уй-музейи директори Жалилов Фарход Абдурахимович, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори ўринбосари Арипджанов Отабек Юсупджановичларнинг иштирокчиларга табрик сўзлари билан бошланди. Конференцияда 11 нафар талаба мавзуга оид маърузалар қилишди ҳамда 30 зиёд тингловчилар онлайн кузатиш имкониятига эга бўлишди.