Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижросини амалга ошириш, шунингдек, “Ёшларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантиришда тасвирий санъат имкониятларининг татбиқи” номли илмий-амалий тадқиқот грант дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида “ZOOM” платформаси орқали “Замонавий Марказий Осиё санъатининг стратегиялари” мавзусидаги академик маъруза-вебинар ташкил этилди.

Мазкур вебинарни институт Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Сурайё Алиева кириш сўзи билан очиб берди ҳамда бундай вебинарларнинг ташкил этилиши, аввало, санъат ривожи учун, қолаверса, ёш мутахассисларнинг келгуси изланишлари учун ҳам аҳамияти юқори эканлигини таъкидлаб, барча қатнашчиларга ва ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди.

Меҳмон сифатида иштирок этаётган Ўзбекистон Миллий университети “Ижтимоий фанлар” факультети, “Фалсафа ва маънавият асослари” кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори Озода Нишонова ҳам сўзга чиқиб, вебинарда иштирок этаётганидан мамнун эканлигини айтиб, бундай вебинарларнинг кўпроқ ўтказилиши ҳамда ҳамкорликнинг бундан буён ҳам давом этишига умид билдирди.

        Вебинарнинг асосий маъзураси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Хакимовнинг “Замонавий Марказий Осиё санъатининг стратегиялари” мавзуси бўлди.

        Мазкур маърузада Марказий Осиё санъатининг асрий анъаналари асосида ҳамда янги тенденциялар ҳисобига ривожланиб бораётган замонавий санъат стратегиялари батафсил ёритилди. Aсосий эътибор замонавий рангтасвирнинг бугунги ривожи, ижодкорларнинг ижодий йўналишлари ва услублари, шунингдек, жаҳонда рўй бераётган ижтимоий жараёнларнинг ижодий муҳитга таъсирига қаратилди. Минтақанинг ҳар бир давлати санъатида бўлаётган жараёнлар алоҳида таҳлил қилинди.

Вебинарда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари, докторантлари, магистрантлари, талабалари билан бир қаторда Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидан ҳам вакиллар иштирок этди.