Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида магистирларнинг дастлабки ҳимоялари давом этмоқда. Бугун Маҳобатли рангтасвир, Тасвирий ва амалий безак санъати ҳамда Хаттотлик ва миниатюра мутахассислиги 2-босқич магистрантларининг дастлабки магистрлик диссертациялари ҳимояси бўлиб ўтди.


Ушбу ҳимояларда профессор-ўқитувчилар томонидан “Мумтоз ва замонавий ижодкорлар асарларида Алишер Навоий образи”, “Мумтоз ва замонавий ижодкорлар асарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур тимсолининг талқини”, “Самарқанд қоғозини тиклаш йўлида олиб борилаётган изланишлар ва кутилаётган натижалар”, “Маҳобатли рангтасвирда роспис композицияси таҳлили”, Дам олиш масканларида маҳобатли рангтасвир асарининг бадиий ечими”, “Архитектурада тасвирий ва амалий безак санъати ечимининг таҳлили”, “Архитектура ва монументал безак санъатида замонавийлик концепцияси” каби бир қатор мавзулардаги диссертациялар кўриб чиқилди.


Маҳобатли рангтасвир, Тасвирий ва амалий безак санъати мутахасислиги магистрантларининг диссертатциларидаги амалий қисм асосан архитектура соҳасига оид бўлиб, илмий ва эстетик категориялар асосида декоратив безак, деворий расм, мозаика, сграффито, витраж, рангли сувоқ инкрустацияси каби воситаларидан фойдаланиб, архитектура муҳитини шакллантиришга йўналтирилган лойиҳалашни ўз ичига олган. Танланган мавзулар бўйича архитектура элементлари билан узвий равишда деворий расм турларидан безаш уйғунлигини кўрсатдилар.


Хаттотлик ва миниатюра мутахассислиги магистрантларининг ҳам диссертация мавзулари Ўзбекистон тасвирий санъатида долзарб мавзулар бўлиб, коммисия аъзолари томонидан тўлиқ таҳлил этилди. Амалий ишлар деворий сурат бўлганлиги сабабли уларнинг объект билан уйғун ҳолатининг тасвирини кўрсатиш керак эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Магистрантларга, шунингдек, Магистратура бўлими бошлиғи Санобар Расулмуҳамедова томонидан онлайн ҳимоя талаблари бўйича тегишли тавсиялар ва кўрсатмалар бериб ўтилди.