Мустақил изланувчилар институтига талабгорлар учун ЗООМ платформаси орқали онлайн имтиҳон (суҳбат) бўлиб ўтди.

Бугун карантин шароити бўлишига қарамасдан юртимизда барча соҳаларда ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Aйниқса олий таълим тизимидаги ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Сабаби ҳар бир давлатнинг ривожланишида илмий салоҳият етакчи омил ҳисобланади. Илмий изланишлар бошқа соҳаларда бўлгани каби санъат соҳаси учун ҳам улкан аҳамиятга эга. Шуни инобатга олган ҳолда бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 304-қарори ва шу қарор билан тасдиқланган Низомга асосан мустақил изланувчилар институтига талабгорлар учун ЗООМ платформаси орқали онлайн имтиҳон (суҳбат) бўлиб ўтди.
Бу имтиҳонларда институтда мавжуд ихтисосликлар бўйича онлайн ҳужжат топширган талабгорларнинг илмий салоҳиятига баҳо бериш мақсадида нуфузли ҳакамлар ҳайъати: раис – Санъатшунослик фанлари доктори, Сурайё Aлиева, ҳамда аъзолар – Санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Равшан Фатхуллаев, доцент Ойбек Касимовлар томонидан низом талаблари асосида суҳбат олиб борилди.
Имтиҳон топширувчиларнинг салоҳияти ва иштиёқини кўриб келажакдаги илмий жараёнларимиз ҳам ҳақиқий илм фидоийларининг қўлига ўтаётганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Aйниқса, бугунги номзодларнинг асосий қисми ўз соҳаларида амалий фаолият олиб бораётган мутахассислар бўлгани ҳолда, илмий изланишга ҳам қизиқиш билдираётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.