Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “LoKhoZa” бренди асосчиси, Голландиянинг “Kooning the Wedding Palace” дизайнери Лола Ходжаева иштирокида вебинар ташкил этилди. Ушбу вебинарда институтининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан бир қаторда Голландиялик дизайнерлар ҳам иштирок этди. Лола Ходжаева бугунги кунда Европада яшаб, ижод қилаётган дизайнер бўлиб, ўзбек миллий маданияти ва либосларини хорижда кенг тарғиб қилмоқда. Дизайнер миллий матоларимиз ва безакларимиздан фойдаланган ҳолда янги либослар яратиб келмоқда. Ижод йўли давомида ҳар хил услубларда ўзини синаб кўрган, авангарддан тортиб классик услубларда либослар яратган дизайнер ўз брендини очишга муяссар бўлган.
Вебинарда миллий атлас, адрас матоларимизни жуда кўп таниқли дизайнерлар ўз ишларида қўллашгани ҳамда Европа дизайнерлари орасида оммалашиб бораётгани таъкидланди. Шунингдек, Лола Ходжаева ёш дизайнерларга Европадаги дизайн соҳасида бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумот бериб, ушбу соҳа келажаги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.


Вебинарда талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига ҳам жавоб олдилар ҳамда келгусида ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга келишиб олинди.