Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси 17.00.04 – Тасвирий ва амалий безак санъати ихтисослиги мустақил изланувчиси (PhD) Дилзода Алимкулованинг ZOOM дастури орқали “Ўзбек авангарди тарихидан” мавзусидаги семинари бўлиб ўтди.

Семинарда эксперт сифатида санъатшунослик фанлари доктори Сурайё Алиева, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Равшан Фатхуллаев, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ботир Сангиров, тингловчилар сифатида Тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси профессор-ўқитувчилари ва институт таянч докторантлари ҳамда мустақил изланувчилари ҳам қатнашдилар.

Дилзода Алимкулова ўз маърузасида Ўзбекистон миллий тасвирий санъат мактабининг шаклланишида 1920–1930-йиллар рангтасвири ўзига хос пойдевор ва бўлажак тенденцияларни белгиловчи ижодий асос бўлганлигини эътироф этди. Бу давр ижодий жараёнининг ўзига хос хусусиятларидан – бир пайтнинг ўзида ҳам реалистик ҳам авангард бадиий услуб ва оқимларининг мавжуд бўлганлигини айтди. Ушбу давр тасвирий санъатини ўрганиш санъатшунослик соҳасидаги долзарб муаммо бўлишига қарамасдан, бу ноёб феноменнинг кўп қирралари етарли даражада ёритилмаганлиги, ўша даврдаги бадиий жараёнларни ўрганишда Ўзбекистон музейларида сақланаётган кам ўрганилган ёки умуман нашр этилмаган ҳамда илмий муомалага киритилмаган рассомлар асарлари муҳим манбаа бўлиб ҳисобланишини қайд этиб ўтди. Шу билан биргаликда, тадқиқотчи томонидан ўтган аср бошида тасвирий санъатда мавжуд бўлган анъаналар замонавий рассомлар ижодида акс этаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Мазкур мавзу семинар иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама этилди.