Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 21 апрелда қабул қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш ҳамда замонавий тасвирий санъат фалсафасини, санъат ва маданият соҳасига оид ислоҳотларни ва янгиликларни мамлакатимиз илмий жамоатчилиги ҳамда талаба ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш ва таништириш мақсадида “ЗАМОНАВИЙ ТАСВИРИЙ САНЪАТ ФАЛСАФАСИ” мавзусида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нурнинг  вебинар-ижодий суҳбати бўлиб ўтди.  Мазкур вебинар “ZOOM” платформаси орқали онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Вебинарда Акмал Нур  жаҳон тасвирий санъати, Ўзбекистон рангтасвири ривожланиши, ўзига хослиги, ижодий жараёнлари ҳақида фикр юритди. Мусаввирнинг туркум янги асарлари намойиш қилинди. Уларда олам ва одам, Ватанга муҳаббат, оила, табиат, миллий қадриятлар мавзуларининг ўзига хос талқини таърифланади. Акмал Нур учун шеърият илҳом манбаи. У мумтоз ўзбек ва шарқ адабиётига, хусусан, Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Румий, Умар Хайём ижодига доимо мурожаат қилади.

Шу билан бирга Акмал Нур  бугунги кунда ёш ижодкорларга улкан  имконият ҳамда эркинликлар  яратилаётганини таъкидлаб,  улардан янгидан-янги асарлар кутилаётганлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

Суҳбат чоғида мусаввир янги ишланаётган асарларини ҳикматли сўзларнинг араб  ёзуви каллиграфиясидан фойдаланиб яратаётганини айтиб ўтди ҳамда энг сара асарларидан намуналар намойиш этди.

Лойиҳа доирасида ўтказилган ушбу тадбир тасвирий санъат имкониятлари орқали ёшларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.

Вебинарда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари, докторантлари, магистрантлари, талабалари билан бир қаторда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтидан ҳам вакиллар иштирок этди.