Санъатшунослик соҳаси мутахассисдан кенг билим ва тафаккур, теран таҳлил, нозик дидни талаб қилади. Шу маънода санъатшунос кадрларни тайёрлаш санъат тарихига оид назарий билимларни эгаллашдангина иборат бўлиб қолмай, ёш санъатшуносларда асарларни синчковлик билан ўрганиш ва теран таҳлил қилиш қобилиятларини ҳам шаклланишига боғлиқ. Бу эса илмий семинарлар ва конференцияларда иштирок этиш, ўз фикрини дадил ифодалаш ва илмий асослаш кўникмалари ҳамда тажрибанинг ортиши билан белгиланади.  

Ҳар бир илмий тадқиқот ишининг мукаммаллиги мавзулардаги илмий узвийликнинг таъминланганлиги билан боғлиқ. Бунинг учун илмий мавзулар иқтидорли талабаларга мақсадли берилиши ва илмий мавзулар конференцияларда маъруза қилиниши, битирув малакавий иши, магистрлик диссертацияси ҳамда олий таълимдан кейинги босқичларда илмий тадқиқот иши сифатида давом эттирилиши керак.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ёш санъатшуносларни илмий тадқиқотга йўналтириш мақсадида “Санъатшуносликда инновацион изланишлар” мавзусида илмий-экспериментал конференция ўтказилди. Санъатшунослик факультети Тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси ташаббуси билан ўтказилган конференцияда битирувчи курс талабаларининг замонавий тасвирий санъат, амалий санъат, меъморлик йўналишларидаги маърузалари тингланди. Нодира Хасанованинг “Ўзбекистон рангтасвирида бўшлиқ эстетикаси”, Самандар Эгамбердиевнинг “Ўзбекистон рангтасвирида тарихий мавзулар талқини”, Манзура Шоисҳоқованинг “Тошкент анъанавий каштачилигида нақшлар семантикаси”, Шаҳло Суярованинг “Ўзбекистон замонавий рангтасвирида импрессионистик тенденциялар”, Сардор Қосимовнинг “Фарғона кулолчилик санъатининг бадиий хусусиятлари”, Дилдора Бозорованинг “Замонавий тасвирий санъатда кураторлик фаолияти” каби мавзулардаги маърузалари конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Конференцияда соҳанинг етакчи олимлари Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори Акбар Ҳакимов, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори Нигора Ахмедова, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Равшан Фатхуллаев, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Бинафша Нодир иштирок этиб, ёш тадқиқотчиларга маърузалар юзасидан тавсияларини беришди.  

Сўнгги йилларда илмий тадқиқот ишларини кенг кўламда олиб бориш, ёш тадқиқотчиларга яратилаётган шароитлар ва имкониятлар соҳада долзарб мавзуларнинг тадқиқот объектига айланиши, илмий тадқиқотга ёшларнинг кириб келишини рағбатлантирмоқда. Шу маънода конференция ёш санъатшуносларга эгалланган билимлари, мустақил илмий қарашлари ҳамда хулосаларини устозлари ва тенгдошлари билан муҳокама қилиш имконини беради. Конференцияни анъанавий тарзда ўтказиш эса битирувчи талабаларни ўз танлаган мавзуларига янада масъулият билан ёндошиш, тадқиқот сифатида давом эттиришга ундайди ҳамда соҳада “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.