Дизайнерлик — бугунги кунда энг юқори даромадли касблардан биридир. Ахир, дизайнерлар ҳаётимизни гўзалроқ бўлишида ўз ҳиссасини қўшадилар. Одамзод учун гўзаллик қанча кўп бўлса, шунча оздир
Бугун Камолиддин Бехзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Дизайн факультетида “Дизайн: Либос дизайни” ҳамда Касб таълими Дизайн:(Либос ва газламалар) таълим йўналишида таҳсил олган талабаларнинг Битирув малакавий ишлари ҳимояси бўлиб ўтди. Тошкент тўқмачилик ва енгил саноат институти, Тикув буюмларини конструкциялаш ва технологияси кафедраси доценти, Бобожонова Мунира раислигида ўтган мазкур ҳимояларда битирувчиларнинг Битирув малакавий ишлари факультет декани Наргиза Алиева, Либос дизайни кафедраси мудири Феруза Атаханова Либос дизайни кафедраси доценти Умида Ходжаева, “Суро” ательеси раҳбари Рашидова Сурайё каби профессор-ўқитувчилар томонидан баҳолаб борилди.


Ҳимояда бевосита иштирок этган институт ректори Нодирбек Сайфуллаев битирув малакавий ишлари ҳимоялари ҳақида сўз юритар экан, бугунги кунда юртимизда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаларига катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб, талаба –ёшларни бу эътибордан унумли фойдаланган ҳолда дунё даражасидаги лойиҳаларни яратишга чорлаб қолди.
Мазкур ҳимояда турли услубий ечим ёки турли вазифаларга мўлжалланган либослар коллекциясини ишлаб чиқиш ва дизайн-лойиҳани асослаш топшириғи бўйича малакавий битирув ишлар ҳимоя қилинди. Дизайн-лойиҳани асослаш мода йўналишини ўрганиш ва таҳлил қилиш, ижодий манбани ўрганиш ва коллекция концепциясини ишлаб чиқиш, либосларнинг конструкторлик ва технологик асосномасини бажариш каби босқичларни ўз ичига олади.


Бугунги ҳимоя натижаларига кўра мутахассислардан иборат ҳайат аъзолари якдиллик билан Нуриддинова Озоданинг “Синтетик матоларга миллий декоратив ишлов берилган либослар дизайн коллекциясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги битирув малакавий иши энг юқори баллга баҳолади. Карантин вазиятига қарамай, барча босқичларни аъло даражада бажарган талабанинг ижодий ишида устозларнинг меҳнати беқиёслиги яққол кўриниб турибди.