Ҳимояни институт ректори, тарих фанлари номзоди, доцент Нодирбек Сайфуллаев табрик сўзи билан очиб берди ва ёш санъатшуносларни мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиш зарурлиги ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Шунингдек, институтда илмий салоҳиятни оширишда бевосита санъатшуносларнинг ўрни муҳим эканлигини алоҳида қайд этиб, битирув малакавий иши ҳимояси кейинги илмий тадқиқотлар учун асос бўлиши ва соҳада узвийликнинг таъминланиши тўғрисида мулоҳазаларини баён этди.

Битирув малакавий иши ҳимоясида “San’at” журнали Бош муҳаррири,санъатшунослик фанлари доктори Дилафруз Қодирова, аъзолар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов, Санъатшунослик факультети декани, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ботир  Сангиров, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Равшан Фатхуллаев ва бошқалар иштирок этдилар.

2019-2020 ўқув йилида Санъатшунослик (тасвирий ва амалий санъат) таълим йўналиши жами 29 нафар талаба тамомлаши режалаштирилган. Онлайн ҳимояда битирувчилар масофадан туриб ўзларининг Битирув малакавий ишлари бўйича тақдимотларини намойиш этдилар. Битирувчилардан Нодира Хасанованинг “Ўзбекистон замонавий рангтасвирида бўшлиқ эстетикаси”, Самандар Эгамбердиевнинг “Ўзбекистон рангтасвирида тарихий мавзулар талқини”, Алика Семейкинанинг “Творчество Собира Рахметова в контексте развития живописи Узбекистана”, Шахло Суярованинг “Ўзбекистон замонавий рангтасвирида импрессионистик тенденциялар”, Манзура Шоисхоқованинг “Тошкент анъанавий каштачилигида нақшлар семантикаси”, Дилрабо Олимованинг “Темурийлар даври меъморлик безаклари” каби мавзулардаги битирув малакавий ишлари Давлат аттестацияси комиссияси аъзоларида катта қизиқиш уйғотди ва юқори баҳо берилди.

Битирувчилар Битирув малакавий ишларини юқори савияда ҳимоя қилишга муваффақ бўлдилар. Деярли ҳар бир мавзу профессор-ўқитувчиларда катта қизиқиш уйғотиб, савол жавоблар ва мунозараларга сабаб бўлди.Ҳимоя сўнгида битирувчиларнинг санъатшунослик соҳасида келажакда олиб борилиши режалаштирилган илмий фаолияти юзасидан тегишли тавсиялар берилди.