Камолиддин Бехзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Санъатшунослик факультети Санъатушослик (музей иши ва маданий мерос объектларини сақлаш) таълим йўналиши талабаларининг битирув малакавий иши онлайн ҳимояси бўлиб ўтди.

Ҳимояни институт ректори Нодирбек Бахтиёрович Сайфуллаев кириш сўзи билан очиб берди ва мамлакатимизда маданий мерос объектларини сақлаш, таъмирлаш ва тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, туризмни ривожлантириш, музейлар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги олиб борилаётган кенг кўламли ишларда музейшунос мутахассисларнинг ўрни муҳим эканлигини алоҳида қайд этдилар.

Битирув малакавий иши ҳимояси “San`at” журнали бош муҳаррири, санъатшунослик фанлари доктори Дилафруз Қодирова раислигида ўтказилди. Шунингдек, ҳимояда Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Илмий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Арипджанов, Музейшунослик кафедраси профессори, тарих фанлари номзоди Дармон Курязовалар иштирок этишди.

Ҳимояда Марғуба Қаҳрамонованинг “Ялла” ансамбли музейини ташкил этиш масалалари”, Зиёда Усмонованинг “Музей экспозицияларини замонавий модификациялаш: тажриба ва истиқболлар”, Шоира Ендирбоеванинг “Ўзбекистонда музей фаолиятини ривожлантиришда туризм дестинациясини ўрганиш ва тадбиқ этиш масалалари”, Дилдора Дўстмуродованинг “Ўзбекистон тарихи давлат музейи XIX-XX асрларга оид фарфор коллекцияларини ўрганиш масалалари”, Мухайё Умирқулованинг “Орден ва медаллар коллекцияларини сақлаш ва намойиш этиш масалалари (Олимпия шон-шуҳрати музейи мисолида)” мавзуларидаги битирув малакавий ишлари ҳимоя аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.