Ўзбек адабиёти доимо дунё адабиётида ўз ўрнига эга бўлиб келган катта мактабдир. Чунки Ватанпарварлик, чин муҳаббат, ҳалоллик ва поклик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган адабиётимиз ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек “Aдабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак”.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан “Aдиблар хиёбони”да ташкил этилган “Адиблар куни» маънавий-маърифий тадбири ҳам талаба-ёшлар қалбида Ватанпарварлик, инсонийлик туйғуларини шакллантиришда адабиёт ва санъатнинг таъсир кучи қанчалик юқори эканлигини яна бир бор намоён этди.

Тадбир азим Тошкент тарихи мужассам бўлган “Тошкент” музейига саёҳатдан бошланди. Мазкур музейда Тошкентнинг тарихидан ҳикоя қилувчи кўплаб экспонатлар мавжуд бўлиб, айниқса, Эски шаҳар манзаралари акс этган асарлар, Эски шаҳардаги хонадон манзараси тасвирланган композицион ансанбл ва Тошкентнинг 12 дарвозасидан бири бўлган дарвоза эшиги талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Aдиблар хиёбонида эса талабалар ўзбек адабиётининг машҳур намоёндалари ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз фикрларини баён этишди. Шу билан бир қаторда Aлишер Навоий, Бобур, Зулфия, Муҳаммад Юсуф, Фурқат каби ижодкорлар асарларидан намуналар ўқишди. Устозлар уларга мазкур адибларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида кўплаб қизиқарли воқеаларни сўзлаб беришди. Албатта, ушбу тадбир бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил этилди.

Бугунги ахборот технологиялари асрида ҳам адабиёт ва санъат ўз қадр-қимматини йўқотмаган. Аксинча, ахборот оқимини назорат қилиш имконсиз бўлган, вайронкор ғоялар таҳдиди кучайган бир даврда бу соҳаларнинг аҳамияти янада юксалиб бормоқда. Баркамол авлод тарбиясида санъат, спорт, компютер технологиялари ҳамда адабиёт бирдек муҳим ўрин тутади. Буюк жадид бобомиз Aбдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон таъкидлаганидек, “адабиёт яшаса миллат яшар”.