“Коррупция ва порахўрликка қарши биргаликда курашамиз”

Инсониятнинг кўп минг йиллик ривожланиш тарихида таррақиётга энг кўп тўганоқ бўлиб келаётган унсурлардан бири бу коррупциядир. Aфсуски, бугунги ривожланган дунёда ҳам бу иллатнинг таг-туги билан йўқ қилишнинг имкони бўлмаяпти.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда “Коррупция ва порахўрликка қарши биргаликда курашамиз” номли онлайн маъданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий мавзуси бугун кўп жиҳатдан янгиланаётган олий таълим тизимидан коррупция ва порахўрлик каби иллатларнинг буткул йўқотишга бағишланди. Йиғилиш профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирокида ZООМ платформаси орқали амалга оширилди.

Муҳтарам Преидентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамоликларида мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумадан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Маълумки, сўнги вақтларда ОAВ, интернет тармоқларида юзага келган коррупция ҳолатлари ҳақида кўплаб хабарларга кўзимиз тушмоқда. Лекин бу жамиятимизда бу иллатнинг ўсиб бораётгани билан эмас, балки бугун очиқлик ва ошкоралик ҳамда ахборот эркинлигининг таъминланиши натижаси десак, муболаға бўлмайди. Бироқ бу иллат жамиятимиздан буткул йўқ бўлиб кетмас экан, унга қарши кураш давом этаверади.

Йиғилиш аввалида қатнашчиларга коррупция ва унинг оқибатларига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.

Тадбирда сўзга чиққан институт Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Омонулла Салихов юртимизда олий таълим соҳасида бўлаётган улкан ислоҳотларга тўхталиб, бу ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини ҳали ҳам тушуниб етмаган айрим шахслар борлигини афсус билан қайд этиб ўтди. Коррупцияга қарши курашда барчамиз масъулиятли эканимизни таъкидлаб барчани огоҳликка чорлади. Шунингдек, олдимизда турган қабул ва касбий (ижодий) имтиҳонларни адолатли шаффоф ўтказиш учун институтда олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Жасур Раупов муқаддас ислом динимизда нопок йўллар билан бойлик орттириш қаттиқ қораланганлигини эслатиб, Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифлардан миссоллар келтириб ўтди ҳамда барчамиз бажараётган ишларимизни ҳалоллик ва поклик каби муқаддас тушунчалар тарозисида ўлчаб кўришимиз лозимлигини айтиб ўтди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар томонидан берилган саволларга институт раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Жасур Раупов томонида батафсил жавоблар берилди.