Кенгашни институт ректори Нодирбек Сайфуллаев очиб бериб, барчани Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан муборакбод этди.

Кенгашда асосий эътибор 2020-2021 ўқув йили бўйича 1-курсга қабул қилинаётган абитуриентларга касбий (ижодий) имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш масаласига қаратилди.

Ушбу масала тўғрисида сўз юритар экан, Нодирбек Сайфуллаев 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан бўлиб ўтган учрашувда Муҳтарам Президентимиз томонидан ижодкор кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасаларида тест синовлари бекор қилиниб, бўлажак талабаларни фақат ижодий имтиҳон орқали қабул қилиш амалиёти жорий этилгани бизга билдирилган юксак ишонч бўлиши билан бир қаторда, улкан масъулият эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, бу йилги касбий (ижодий) имтиҳонларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ҳам энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, барча тайёргарлик ишлари ушбу омилга асосланиб амалга оширилмоқда.

Кенгашда кўрилган масалалардан яна бири Институт профессор-ўқитувчиларнинг 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган ўқув юкламаларини, ишчи ўқув режалари, ўқув фан дастурларини тасдиқлаш бўлди. Маълумки, янги ўқув йилини масофавий таълим платформаси орқали бошланади. Шунинг учун ҳам мазкур платформага ўқитувчилар томонидан жойланаётган ҳар бир материал сифат жиҳатдан барча талабларга жавоб бериши лозимли таъкидланди.

 Кенгаш кун тартибида бевосита институт фаолияти билан боғлиқ бўлган, Институтнинг 3-курс таянч докторанти (PhD) Гулраъно Орифжонованинг 17.00.06- Музейшунослик. Тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ихтисослиги бўйича “ХIХ-ХХ аср бошларига оид Ўзбекистон этномаданий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва намойиш этишнинг тарихий-маданий жиҳатлари” мавзусидаги диссертация иши муҳокамаси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Давлат илмий-техника дастурлари доирасида 2020-2022 йилларга мўлжалланган амалий, инновацион ва фундаментал илмий-техник лойиҳалар танловида иштирок этиш учун институт профессор-ўқитувчиларининг лойиҳаларини мазкур танловга тақдим этиш, Институт кафедраларининг 2020-2021 ўқув йилида “Эразмус +“ грант лойиҳаларида иштирок этиш учун тузилган режалари ва ташкил этиладиган вебинарлар каби жами 7 та масала кўриб чиқилди.

Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Булар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.