Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги нутқи жаҳон жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бугун ОАВ орқали юртимиз ва дунёдаги бир қанча сиёсий институтлар ва халқаро ташкилот вакиллари, нуфузли давлат ва жамоат арбоблари ушбу нутқнинг глобал аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтидаушбу нутқнинг мазмун-моҳиятини институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари орасида янада кенг тарғиб этиш мақсадида онлайн семинар ташкил этилди.

Семинар аввалида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессияси жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан видеоанжуман шаклида бўлиб ўтганини айтиб ўтди.  Ушбу юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этиб, Ўзбекистон тарихида илк марта давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлаган Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этгани, Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берганини ҳамда юртимизнинг тинчликпарвар сиёсатини яна бир бор намоён этганини таъкидлаб ўтди.

Семинар давомида “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси мудири, фалсафа фанлари номзоди, доцент Умида Ўтанова мазкур нутқнинг долзарб аҳамияти юзасидан тақдимот ўтказди.

Ушбу тақдимотда Президентимиз томонидан тилга олинган долзарб масалалар, илгари сурилган муҳим ташаббуслар, жаҳон жамоатчилиги томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда бугунги кундаги муҳим аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Семинар сўнгида институт профессор-ўқитувчилари томонидан мазкур нутқнинг мазмун моҳиятини талаба-ёшлар орасида янада кенг тарғиб этиш борасида бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Нутқ мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, институт миқёсида амалга ошириладиган вазифаларнинг «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.