Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 2020-2021 ўқув йилида 1-курсга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан қабул қилинган талабалар учун ўқув жараёни билан таништирув дарслари давом этмоқда.

Бу йил талабалик бахтига муяссар бўлган талабалар учун Амалий санъат факультетида таништирув дарслари бўлиб ўтди. Ушбу дарслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан қабул қилинган талабалар учун институтда ташкил этилмоқда, бошқа ҳудудларда эса онлайн тарзда амалга оширилмоқда.

Ушбу ёшларни талаба бўлгани билан муборакбод этар экан, институт ректори Нодирбек Сайфуллаев институтда ёшлар учун барча имкониятлар яратилаётганини, шу билан бирга талабалар ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, аъло баҳоларга ўқишлари ҳамда юртимиз тараққиётига муносиб ҳииса қўшишслари лозимлигини, шу билан бирга институт маъмурияти ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Жорий йил Амалий санъат факультетига 110 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинган бўлиб, шулардан 53 нафари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилади.

– Ёшлигимдан ҳайкал ясашга жуда ҳам қизиқар эдим. Улғайганимда бу касб билан асдойдил шуғулланишга қарор қилдим. Шунинг учун ҳам ушбу институтга ҳужжат топширдим. –  деди ҳайкалтарошлик йўналиши талабасига айланган Шахбоз Улуғбобоев. – Бу даргоҳда мен қизиққан, касбимнинг етук мутахассиси бўлишим учун барча имкониятлар яратилганини кўриб янада хурсанд бўлдим. Келажакда ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда,  ўз устимда янада қаттиқроқ ишлаб катта муваффақиятларга эришишга интиламан.