Талабалик даврида инсон ўзи танлаган соҳанинг сир асрорларини ўрганади ҳамда ҳар томонлама шаклланади. Шунингдек, бу давр ўзининг қувноқлиги, турли саргушатларга бой эканлиги билан ҳам инсонлар хотирасида бир умрга муҳрланиб қолади. Бекорга “талабалик олтин даврим” ибораси ишлатилмайди.

Юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида бўлгани каби Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Дизайн факультетида 2020/2021 ўқув йилида ана шундай олтин давр остонасига қадам қўйган биринчи босқич талабалари учун таништирув дарслари бўлиб ўтмоқда.

– Бугун юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби таълим ҳамда санъат ва маданият соҳаларида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Таълим оламан, келажакда юртимиз ривожига ўз ҳиссамни қўшаман деган ёш авлод учун барча имкониятлар яратилмоқда. – деди ушбу дарсларда бевосита талабалар билан мулоқот қилган институт ректори Нодирбек Сайфуллаев. – Шунинг баробарида тасвирий ва амалий санъат ривожи учун улкан имкониятлар эшиклари очилди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг жорий йил 21 апрель куни эълон қилинган «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорлари соҳада янги тарихий даврни бошлаб берди. Ўз ўрнида институт жамоасининг ҳам сиз азиз талабаларимиздан умидлари катта. Келажакда ўз касбингизни пухта эгаллаб, буюк мусаввир бобомиз Камолиддин Беҳзодга муносиб издош бўлишларингизга тилакдошман.

Таништирув дарслари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи  талабалар учун институтнинг ўзида, бошқа ҳудудларда истиқомат қилувчи талабалар учун онлайн тарзда ташкил этилмоқда.

        Талабаларга институт тарихи, бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳамда таълим жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилиб, барча саволларига атрофлича жавоблар берилмоқда.