
Талабалик даврида инсон ўзи танлаган соҳанинг сир асрорларини ўрганади ҳамда ҳар томонлама шаклланади. Шунингдек, бу давр ўзининг қувноқлиги, турли саргушатларга бой эканлиги билан ҳам инсонлар хотирасида бир умрга муҳрланиб қолади. Бекорга “талабалик олтин даврим” ибораси ишлатилмайди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультетида 2020/2021 ўқув йилида ана шундай олтин давр остонасига қадам қўйган биринчи босқич талабалари учун таништирув дарслари бўлиб ўтмоқда.
Таништирув дарслари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 33 нафар талаба учун институтнинг ўзида, бошқа ҳудудларда истиқомат қилувчи талабалар учун онлайн тарзда ташкил этилмоқда.

Мазкур дарслар институтда фаолият юритаётган ҳамда ўз ижоди билан юртимиз санъатига муносиб ҳисса қўшиб келаётган профессор-ўқитувчилар томонидан гуруҳлар кесимида олиб борилмоқда.


– Ёшлигимдан рассом бўлишни орзу қилар эдим. Шунинг учун ҳам Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига ҳужжат топширдим. – дея ўзининг институт ҳақидаги илк таассуротлари билан ўртоқлашди дастгоҳли рангтасвир таълим йўналиши талабасига айланган Ахрор Жавдатов. – Ёшлигимда асарларини томоша қилиб, ижодларига ҳавас қилиб улғайган кўплаб устоз рассомлар эндиликда бизга тасвирий сир-асрорларини ўргатишини эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ўз ўрнида бизга яратилган шароитлар учун институт маъмуриятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Келажакда ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб касбимниг етук мутахассиси бўлишга интиламан.

Дарс сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоблар олишди.