Шу кунларда юртимиз бўйлаб буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бугун  Икуо Хираяма номидаги халқаро Маданият карвон саройида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилган «Камолиддин Беҳзод издошлари» танловининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тақдирлаш маросимини Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов очиб берди ҳамда ушбу танлов юртимизда ёш истеъдодларни кашф этишда жуда ҳам муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ушбу танловда бир қатор номинациялар бўйича ёш ижодкорлар тақдирланди. Қувонарли томони, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти  «Дастгоҳли рангтасвир» йўналиши 1-босқич талабаси Фазлиддин Анваров «Энг яхши графика иши» йўналишида иштирок этиб фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.

– Бу йил жуда ҳам омадли келди. Мен ўзим орзу қилган институт талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлдим, бундан ташқари, ушбу нуфузли танловда ҳам совриндорлар қаторидан жой олдим, – дейди ёш ижодкор Фазлиддин Анваров. – Эндиликда ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, бунданда юқори натижаларга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

Ўз навбатида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти номидан ёш ижодкорни ушбу натижа билан муборакбод этамиз. Институтда таҳсил олиш жараёнида ҳам янада улкан ютуқларни қўлга киритишига тилакдошмиз.