
Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида жорий ўқув йилида талабалик бахтига муяссар бўлган 1-босқич талабаларини институт билан янада яқинроқ таништириш, шу билан бирга, институтда таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг ижодини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида маъданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасида институт ҳовлисида талаба-ёшларнинг тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари, мустақил равишда ўз брендига асос солган талабалар томонидан яратилган либослар коллекциялари ва турли хил тақинчоқлар намойиши бўлиб ўтди.



Институтда фаолият юритаётган, ўз ижоди билан юртимиз санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли ижодкорлар, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, Ўзбекистон халқ рассомлари эса институт остонасига эндигина қадам қўяётган талабалар учун маҳорат дарсларини ўтказишди.

Тадбир давомида институт талабалари ўртасида ташкил этилган «Беш ташаббус – беш имконият» ҳамда «Мустаҳкам оила – юрт таянчи» танловларининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов бугун юртимизда ёшларга ижод қилиши, ўзини ҳар томонлама намоён этиши учун барча шароитлар яратилаётгани, ёшлар эса ушбу имкониятларга муносиб тарзда, ўз устиларида ишлаб юртимиз санъати ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимлигини, ижодий танловлар эса ёшларга ўз ижодини сайқаллаш ва айниқса, ўз тенгқурлари билан ижодий баҳсга киришиши учун муҳим босқич эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлар экан, институт ректори Нодирбек Сайфуллаев тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси равожига алоҳида этибор қаратилаётганини, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг жорий йил 21 апрель куни эълон қилинган «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорлари соҳада янги тарихий даврни бошлаб берганини таъкидлаб, ўз ўрнида ёшлар ҳам келажакда ўз касбини пухта эгаллаб, буюк мусаввир бобомиз Камолиддин Беҳзодга муносиб издош бўлишларига тилак билдирди.

Шу билан бирга бундай танловлар институтда мунтазам равишда ташкил этилишини, жумладан, «Қалбим ардоғидасиз азиз устозим» ҳамда «Тамаддун бунёдкорлари» номли танловлар давом этаётганини эслатиб, ушбу танловларда 1-босқич талабалари ҳам иштирок этишлари мумкинлигини қайд этиб ўтди.

Талабаларга Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳиятини янада кенгроқ тушунтириш, уларнинг ижодий имкониятларини намоён этиш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган «Беш ташаббус – беш имконият» танлови «Энг яхши тасвирий санъат асари»; «Энг яхши амалий санъат асари»; «Энг яхши бадиий фото ва компьютер графика иши»; «Энг яхши дизайн иши» номинациялари бўйича ўтказилди. Танловга институт талабалари томонидан яратилган 150 дан ортиқ ижодий ишлар қабул қилинган бўлиб, ҳар бир иш нуфузли ҳайъат аъзолари томонидан таҳлил қилиниб, баҳоланди.

Оиланинг муқаддас даргоҳ, никоҳ муқаддас ришта эканлигини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган «Мустаҳкам оила – юрт таянчи» танловида «Оила муқаддас даргоҳ», «Оила ўтмиш, бугун ва келажак», «Оила ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги», «Менинг оилам», «Никоҳ муқаддас ришта» каби мавзулар акс этган ижод намуналари бўйича ғолиблар аниқланди. Танлов талаба ёшлар томонидан қизғин кутиб олинди ҳамда 130 га яқин ишлар тақдим этилди.

Ушбу танловларда ҳар бир номинация бўйича ғолиб ва совриндорларга пул мукофотлари тақдим этилди. Шунингдек, институтда ўз фаоллиги билан ажралиб турган талабалар ҳам рағбатлантирувчи совғалар билан тақдирланди.

– Мен институтда ташкил этилаётган барча танловларда мунтазам қатнашиб келмоқдаман. Бугун ғолибликни қўлга киритганимдан жуда ҳам хурсандман. Институт миқёсида ўтказилаётган бундай кўрик-танловлар биз талабаларни янада кўпроқ ижод қилишга, ўз устимизда ишлашга ундайди. – дея ўз фикрларини баён этди «Беш ташаббус – беш имконият» танловида ғолибликни қўлга киритган Мадинабону Қодирова. – Шу билан биз учун республика ҳамда халқаро танловлар учун муҳим тажриба майдони бўлиб хизмат қилади. Талабаларга яратилаётган шароитлар ҳамда берилаётган имкониятлар учун институте раҳбариятига ўз миннатдорчилимни билдираман.

Бугунги тадбир эндигина талабаликка қабул қилинган ёшлар қалбида бир олам таассуротлар уйғотгани шубҳасиз. Негаки, бугун илк бор олий таълим даргоҳига қадам қўйган талабада чексиз қувонч билан биргаликда бироз ҳаяжон ҳамда қўрқув ҳам бўлиши табиий. Ушбу тадбир эса улар институт билан янада яқиндан таништириш билан биргаликда, юксак мақсадлар сари дадил қадам ташлашларига рағбат уйғотди десак, муболаға бўлмайди.

– Ёшлигимдан рассом бўлишни орзу қилар эдим. Шунинг учун ҳам Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига ҳужжат топширдим. – дея ўзининг институт ҳақидаги илк таассуротлари билан ўртоқлашди Дастгоҳли рангтасвир таълим йўналиши талабасига айланган Ахрор Жавдатов. – Бугун институтга илк ташрифим жуда ҳам эсда қоларли бўлди. Институтда талабаларга яратилган имкониятлар ҳамда таҳсил олаётган ёшларнинг талабалик давридаёқ бундай улкан натижаларга эришаётганини кўриб уларга ҳавас қилдим. Келажакда мен ҳам бунданда юқори натижаларга эришишга интиламан. Ёшлигимда асарларини томоша қилиб, ижодларига ҳавас қилиб улғайган кўплаб устоз рассомлар эндиликда бизга тасвирий сир-асрорларини ўргатишини эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлдим.