Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талаба-ёшлари Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ташаббуси билан пойтахтимизнинг Олмазор туманида бунёд этилган  «Ғалаба боғи» мажмуасига ташриф буюрдилар.

«Ғалаба боғи»да бевосита институтимиз профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари томонидан яратилган кўплаб асарларга гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, ушбу боғда ёш ўқитувчилар Йигитали Боқиев ҳамда Ўткир Асроровларнинг «Югураётган болалар», «Концлагер» деб номланган композициялари, «Фронт орти», «Учрашув», «Кузатиш», «Уруш» каби барельефлари ҳамда Баҳром Норбоевнинг Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан жудо бўлган Зулфия ая Зокирова ҳаётига бағишланган «Матонат мадҳияси» каби композициялари ўрин олган. Мазкур асарларда халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатлари яққол акс этган.

Ташриф давомида талабаларга ҳамроҳлик қилган профессор-ўқитувчилар боғнинг барпо этилиш жараёни, унда акс этган шонли тарихимиз, иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага халқимизнинг қўшган бемисл ҳиссаси ва ёдгорлик мажмуаларида ўз ифодасини топган мажозий образлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Айниқса, талаба-ёшларимизда Президентимизнинг шахсан ўзларининг ташаббуслари асосида яратилган «Матонат мадҳияси» композицияси катта қизиқиш уйғотди.

– Бугунги ташрифдан жуда ҳам улкан таассуротлар олдим, – дея ўз фикрларини баён этди Амалий санъат факультети, Меъморий ёдгорликларни таъмирлаш йўналиши 2-босқич талабаси Сабурова Янгилжон. – Айниқса, иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба қанчалик катта талофатлар эвазига қўлга киритилганини кўриб, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрига етишимиз, лозимлигин англаб етдим.