Кенгаш ўз ишини бошлашдан аввал Олий аттестация комиссияси қарори билан «Тасвирий ва амалий безак санъати» ихтисослиги бўйича доцент илмий унвонига сазовор бўлган Дастгоҳли рангтасвир кафедраси мудири Эшмамат Хаитов, «Дизайн назарияси ва тарихи» ихтисослиги бўйича доцент илмий унвонига сазовор бўлган Муқаддас Исаковаларга доцентлик дипломлари ҳамда  «Тасвирий ва амалий безак санъати» ихтисослиги бўйича профессор илмий унвонига сазовор бўлган Файзуллахон Ахмадалиевга профессор дипломи тантанали равишда топширилди.

Кенгашни институт ректори Нодирбек Сайфуллаев очиб берди ва ўтган вақт давомида институтда амалга оширилган ишларга тўхталиб, талаба-ёшларнинг ижодини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш  мақсадида бир қатор нуфузли танловлар ташкил этилаётганини баён этди. Шунингдек, яқинда ташкил этилган «Беш ташаббус – беш имконият» ҳамда «Мустаҳкам оила – юрт таянчи» танловларининг ғолиб ва совриндорларининг ижодий ишлари жамланган «Ёш ижодкорлар» каталоги нашр этилаётганини ва келгусида бу каби каталогларнинг мунтазам равишда нашр этилишини маълум қилди. Бундан ташқари, институт талабалари ўртасида «Қалбим ардоғидасиз азиз устозим» ҳамда «Тамаддун бунёдкорлари» номли танловлар давом этаётганини эслатиб ўтди.

Шунингдек, мазкур мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуслари юзасидан институтда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасининг амалга оширилиши, институт профессор-ўқитувчиларининг эгаллаб турган лавозимларидаги 5 йиллик муддати тугаган ҳамда танловга қадар ишга қабул қилинган ўқитувчиларни танловдан ўтказиш, 4-курс бакалавр босқичи талабаларининг Битирув малакавий ишлари мавзуларини тасдиқлаш, талабаларнинг масофавий таълим платформасидаги иштироки, давомати масалалари бўйича олиб борилаётган мониторинг натижалари, кафедраларда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларининг ўқув-услубий мажмуалари ҳолати, очиқ дарсларнинг ташкил этилиши, институт жамоат ташкилотларининг 2020/2021 ўқув йили учун иш режаларини тасдиқлаш каби институт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Булар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.