Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан юқори натижаларга эришган талаба-ёшларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган «Йил талабаси – 2020» республика танловининг институт босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу босқичда дастлабки саралаш босқичларидан мувафаққиятли ўтган 14 нафар талаба-ёшлар турли номинациялар бўйича республика босқичига чиқиш учун баҳс олиб боришди. Талаба ёшлар институтда таҳсил олиш давомида қўлга киритган ютуқлари, эришган натижалари ҳамда келгусида амалга оширишни мақсад қилган режалари тўғрисида тақдимот қилишди. Талабалар томонидан тақдим этилган барча ҳужжатлар нуфузли ҳайъат аъзолари томонидан синчиклаб ўрганилди. Савол-жавоб орқали эса ҳар бир талабанинг салоҳияти ҳам баҳоланди.

Танлов давомида талабаларнинг ижодий қизиқишлари ҳамда шунга монанд бўлган интилишлари жуда ҳам юқори эканлиги намоён бўлди. Бу талабаларнинг бири ўз соҳасида нафақат юртимиз, балки дунё миқёсидаги нуфузли танловларда иштирок этаётгани, яна бири эса талаба бўлишига қарамасдан ўз шахсий тадбиркорлигини йўлга қўйиб, мувафаққиятли фаолият юритаётгани, бошқаси эса ўзининг шахсий брендига асос солганини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Энг муҳими эса улар юртимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятларни теран англаган ҳолда, улардан унумли фойдаланишмоқда.

Барча иштирокчи ёшларга омад тилаб қоламиз. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти истеъдодли ёшларни кашф этишда давом этади.