Kамолиддин беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «ХХI асрда фан ва бадиий таълим интеграциясининг ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги Республика илмий-амалий онлайн конференцияси бошланди.

Конференцияда сўзга чиққан институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бугунги кунда юртимизда фан ва таълим тизими ва бу икки соҳанинг ўзаро узвийлигини таъминлаш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этиб ўтар экан, бу жараёнда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётганига тўхталиб ўтди.

Жумладан, 2019/2020 ўқув йилида «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси» илмий журнали ҳамда «Мусаввир» газетаси таъсис этилди. Олий аттестация комиссиясининг тегишли қарорига асосан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида илк бор илмий даражалар берувчи Илмий Кенгаш очилди. Бу Кенгашда жорий йилнинг ўзидаёқ бир қатор докторант ва мустақил изланувчиларнинг ҳимояга чиқиши кўзда тутилмоқда. «Санъатдаги умуминсоний қадриятлар ва анъаналар» ҳамда «Глобализация шароитида санъатда умуммиллий ўзига хослик муаммолари» мавзуида халқаро илмий онлайн конференцияларида эса дунёнинг бир қатор етакчи давлатларидан мутахассислар санъат ва маданият соҳасидаги долзарб муаммолар акс этган маърузалари билан иштирок этишди.

Конференция иштирокчиарини онлайн тарзда табриклар экан, Ўзбекистон Бадиий академияси бош илмий котиби Феруза Абиджанова бугунги кунда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасини ҳар томонлама ривожланиши учун улкан имкониятлар яратилганини, ушбу соҳанинг барқарор ривожида санъатшунос мутахассисларнинг ҳам алоҳида мавқейи борлигини, бу каби конференциялар эса илмий майдон сифатида соҳанинг назарий асоси мустаҳкамланиши учун муҳим эканлигини қайд этиб ўтди.