“Қалбим ардоғидасиз азиз устозим” деб номланган танлов НИЗОМИ

I. Танлов ташкилотчиси

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

II. Танловнинг мақсад ва вазифаси

Униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 сентябрдаги Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқларида тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбия билан чамбарчас боғлиқ.

Халқимиз ҳамиша устозларни эъзозлаб, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб келган. “Устоз ота каби улуғ” деган ҳикматли нақл ҳам бежиз айтилмаган. Энди ана шу сўзларни қоғозда эмас, амалда қарор топтирадиган, ўқитувчи-муаллимнинг қадр-қимматини жойига қўядиган пайт келди.

“Таълим тўғрисида”ги қонун ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради. Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шу каби масалаларни ижодий ишлар орқали акс эттириш танловнинг асосий мақсадидир. Тасвирий, амалий ва фотоасарлари ёрдамида мазкур масалага нисбатан ёшлар фаоллигини ошириш, устозларга бўлган ҳурмат, устоз шогирд анъаналарини янада чуқурроқ сингдириш, ёшларнинг маданий маънавий савиясини ошириш танловнинг вазифаси ҳисобланади.

III. Танловни ўтказиш муддати ва жойи

“Қалбим ардоғидасиз азиз устозим” деб номланган танлов ғолиб ва иштирокчиларини тақдирлаш маросими ва кўргазманинг очилиши 2021 йил март ойининг учинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида жойлашган йирик кўргазмалар залидан бирида ўтказилади.

IV.Танлов шартлари

4.1. Танловда бакалавр ва магистратура босқичи талаба-ёшлари иштирок этишлари мумкин;

4.2.Танловга тақдим этилган ижодий ишларда қуйидаги мавзулар акс эттирилиши лозим:

– устозларга эҳтиром;

– қалбимдаги устозим;

– менинг Устозим;

– Устоз – шогирд анъаналари;

– мусаввир устоз.

4.3. Танловга тақдим этилган асарлар тасвирий ва амалий санъатнинг ҳамда фото, дизайннинг барча бадиий усулублари ва турли усулларда бўлиши мумкин, асарларнинг ҳажми ва ашёлари чегараланмаган;

4.4. Ҳар бир иштирокчи анкета тўлдириши, исми, шарифи, факультети ва курси, асарнинг ҳажми, номи ҳақидаги маълумотларни илова қилиши лозим;

4.5. Ижодий ишлар 2021 йил 1 мартга қадар ТСФ, АСФ, СФ, ДФ факультетларнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари томонидан қабул қилинади ҳамда рўйхатга олинади;

4.6. Танловдан сўнг совринли ўринни эгалламаган асарлар ўз эгаларига қайтарилади.

V. Ғолиб ва совриндорларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш тартиби

5.1. Танлов учун келиб тушган ижодий ишлар Ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилади ва ғолиблар аниқланади.

5.2.Танлов келиб тушган ижодий ишлар қуйидаги номинациялар бўйича баҳоланади:

– “Энг яхши тасвирий санъат асари”,

– “Энг яхши амалий санъат асари”,

– “Энг яхши фото ва компьютер графика иши”

5.2. Танлов учун келиб тушган ижодий ишлар Ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилади ва ғолиблар аниқланади.

5.3. Танловда ҳар бир номинациялар бўйича 1 нафар ғолиб учун диплом, рағбатлантирувчи мукофотлар таъсис этилади.

5.4. Ғолиблар ҳар бир номинация бўйича қуйидаги мукофотлар билан тақдирланадилар

– “Энг яхши тасвирий санъат асари” учун 2.000 000 (икки миллион) сўм

– “Энг яхши амалий санъат асари” учун 2.000 000 (икки миллион) сўм

– “Энг яхши фото ва компьютер графика иши” учун 2.000 000 (икки миллион) сўм

Шунингдек, ғолиб ва барча танлов иштирокчилари диплом ва сертификатлар билан тақдирланадилар.