Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди

Маълумки, жадид боболаримиз ХIХ аср охири ХХ аср бошларида юртимизни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш, илм-фанни тараққий эттириш учун кураш олиб бордилар. Ўлкамизга жуда кўплаб янгиликларнинг жорий этилиши бевосита уларнинг фаолиятлари билан боғлиқдир.

        Ушбу ҳаракатнинг Туркистон ўлкасида вужудга келиши ва кенг ёйилишида шубҳасиз, Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомизнинг хизматлари беқиёс.

Ёш авлодга жадидчилик ҳаракатининг мазмун-моҳияти, жадид боболаримизнинг ҳаёт йўли ҳақида кенгроқ маълумот бериш бугунги кунда муҳим ҳисобланади.

Бугун Камолиддин беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талаба-ёшлари ва профессор-ўқитувчилари Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида ўтказилган маърифатпарвар аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кечага ташриф буюрдилар.

Ушбу кечада таниқли адабиётшунос олимлар, ижодкор зиёлилар томонидан жадидчилик ҳаракати, унинг юзага келиши ва ёйилиши, намоёндалари, шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, унинг қаламига мансуб «Падаркуш» драмаси ҳақида батафсил маълумот берилди.