Аввал хабар берганимиздек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳрида жойлашган 62-умутаълим мактабини оталиққа олган.Бугун ушбу мактабда институт раҳбарияти томонидан «Бешта муҳим ташаббус куни» маданий-марифий тадбири ташкил этилди.

Тадбирда институтнинг Маҳобатли рангтасвир кафедраси ўқитувчилари – Фарид Сатторов, Зиёдилла Фармонов ҳамда Жамол Туяковлар томонидан тасвирий санъатга қизиқадиган истеъдодли ўқувчилар учун маҳорат дарслари ҳамда кўрик-танлов ўтказилди. Мазкур танловда ўқувчилар Наврўз байрамини тасвирладилар. Танлов якунида турли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.Тадбирда сўзга чиққан институт ректори Нодирбек Сайфуллаев, бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан мактабларга алоҳида эътибор берилаётганини, бунинг натижасида мактаблар фаолияти янада ривожланиб, устоз-мураббийларнинг жамиятдаги роли мустаҳкамланиб бораётганини, бу борада кўплаб қарор ва фармонлар, қонунлар қабул қилинаётганини алоҳида таъкидлаб, бугунги ўрнатилган ҳамкорлик ҳам ушбу эътиборнинг самараси эканлигини қайд этиб ўтди.

Тадбирга ташриф буюрган Нурафшон шаҳар ҳокими Қаҳрамон Хакимов санъат ва маданият инсонларни эзгуликка чорлашини айтиб, ушбу тадбир ва ҳамкорлик учун институт раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда мактабнинг ривожланиши учун ҳокимлик томонидан ҳам барча чоралар ишга солинишини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон санъат арбоби, доцент Ортиқали Қозоқов ўқувчилар учун бугунги тадбир том маънода байрамга айланганини, бугун ўтказилаётган маҳорат дарслари ёшларнинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида фикр билдирди.

Маросимда ўқувчилар ўртасида ўтказилган танлов ғолибларига институти раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди. Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан Ватанимиз мадҳи тараннум этилган куй-қўшиқлар, шеърлар ҳамда рақслар ижро этилди.

Тадбир сўнгида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда мактаб директори Муяссар Бекходжаева ҳамкорлик меморандумини имзодаладилар. Меморандум мактабда Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг амалий ижросини таъминлаш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, истеъдодларини кашф этиш, ўқувчи қизларга ҳунар ўргатиш, тўгараклар ташкил этиш, мактаб жамоасини институтга ташрифини ташкил этиш каби мактабнинг келгуси ривожи учун муҳим бўлган бир қатор вазифаларни қамраб олган.

Мактаб жамоаси ўрнатилган ҳамкорликдан мамнун эканликларини баён қилиб, келгусида ушбу ҳамкорлик доирасида ўтказиладиган тадбирларда фаол қатнашиш ва зиммаларидаги масъулиятли вазифани бажариш учун бор куч ғайратларини ишга солишларини айтиб ўтдилар.