Аввал хабар берганимиздек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳрида жойлашган 9-умумтаълим мактабини оталиққа олган.

Бугун ушбу мактабда институт раҳбарияти томонидан «Бешта муҳим ташаббус куни» маданий-марифий тадбири ташкил этилди.

Тадбирда институтнинг Миниатюра ва китоб графикаси кафедраси ўқитувчилари – Муҳаммаджон Сатторов, Азизбек Солиев ҳамда Бобур Ваҳобжоновлар томонидан тасвирий санъатга қизиқадиган истеъдодли ўқувчилар учун маҳорат дарслари ҳамда кўрик-танлов ўтказилди. Мазкур танловда ўқувчилар эркин мавзуда ўз истеъдодларини намоён этдилар. Танлов якунида турли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Тадбирда сўзга чиққан институт ректори Нодирбек Сайфуллаев, бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан мактабларга алоҳида эътибор берилаётганини, бунинг натижасида мактаблар фаолияти янада ривожланиб, устоз мураббийларни жамиятдаги роли мустаҳкамланиб борилаётганини, бу борада кўплаб қарор ва фармонлар, қонунлар қабул қилинаётганини алоҳида таъкидлаб, бугунги ўрнатилган ҳамкорлик ҳам ушбу эътиборнинг самараси эканлигини қайд этиб ўтди.

Оҳангарон шаҳар ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Сотволдиев санъат ва маданият инсонларни эзгуликка чорлашини айтиб, ушбу тадбир ва ҳамкорлик учун институт раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда мактабнинг ривожланиши учун ҳокимлик томонидан ҳам барча чоралар ишга солинишини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон санъат арбоби, доцент Ортиқали Қозоқов ўқувчилар учун бугунги тадбир том маънода байрамга айланганини, бугун ўтказилаётган маҳорат дарслари ёшларнинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида фикр билдирди.

Маросимда ўқувчилар ўртасида ўтказилган танлов ғолибларига институти раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан  Ватанимиз мадҳи тараннум этилган куй-қўшиқлар, шеърлар ва рақслар ижро этилди.

Тадбир сўнгида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда мактаб директори Феруза Машкурова ҳамкорлик меморандумини имзодаладилар. Меморандум  мактабда Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг амалий ижросини таъминлаш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, истеъдодларини кашф этиш, ўқувчи қизларга ҳунар ўргатиш, тўгараклар ташкил этиш, мактаб жамоасини институтга ташрифини ташкил этиш каби мактабнинг келгуси ривожи учун муҳим бўлган бир қатор вазифаларни қамраб олган.

Мактаб жамоаси ўрнатилган ҳамкорликдан мамнун эканликларини баён қилиб, келгусида ушбу ҳамкорлик доирасида ўтказиладиган тадбирларда фаол қатнашиш ва зиммаларидаги масъулиятли вазифани бажариш учун бор куч ғайратларини ишга солишларини айтиб ўтдилар.