Давлат ва жамият равнақи авваламбор мамлакат раҳбари олиб борадиган сиёсатга боғлиқ эканлиги сир эмас. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзига хос анъанага айланиб бораётган халқ ва Олий Мажлисга мурожаатномаси мана тўртинчи йилдирки интиқлик билан кутиб олинади. Сабаби, давлатимиз раҳбарининг мурожаатномаси нафақат олиб борилган ишлар бўйича ҳисобот, балки келгуси ишлар режаси, ислоҳотларнинг янги дастури, мавжуд долзарб масала ва муаммолар ечими сифатида қабул қилинади. 

2020 йилнинг 29 декабр куни Республикамиз Президенти Шавкат Миромонович сенатга ва халққа ўз мурожаатномасини тўғридан-тўғри йўллар экан, жаҳон сиёсий-иқтисодий майдонидаги долзарб масалалар ҳамда юртимизда йил давомида олиб борилган ишлар ҳақида атрофлича фикр юритди.

2020 йил бутун дунё учун синовли ва машаққатли кечди десак муболаға бўлмайди. Коронавирус пандемияси иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳада қтор муаммоларни келтириб чиқарди. Мамлакатимиз Президенти ушбу том маънодаги долзарб мавзуга тўхталар экан, қуйидаги фикрларни келтириб ўтди:   – “ЖССТ хабарига кўра, умумжаҳон пандемияси ҳали яна давом этиши мумкин ва бутун дунёда ижтимоий муаммоларни кучайтириши мумкин. Ундан кейин дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси ўзгаради. Мана шундай шароитда кучли ва самарали бошқарув тизимига эга бўлган давлатлар, бу курашда енгиб чиқишга қодир бўлади. Эришган натижаларимизга маҳлиё бўлмасдан, жаҳондаги вазиятларга сергаклик билан қараб, мамлакатимиз миллий манфаатларини таъминлашга жидий қарашимиз лозим”.

Дарҳақиқат, бугун биз ҳавф ортда қолди дея олмаймиз, лекин юртимиз аҳолиси вирусга қарши курашиш билан бирга одатий ҳаёт тарзини, ижтимоий-иқтисодий соҳа ривожини тиклашга уринмоқда. Бу ўринда аҳолига давлат ташкилотлари томонидан яратилган қулайлик ва кўмакни эътироф этиш зарур.

Шавкат Миромонович мурожаатнома давомида жамиятда аёллар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди:  – “Жамиятимизда аёллар мавқеини ошириш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш керак. Ушбу муаммоларни рўйхатга олиш учун «аёллар дафтари» ташкил қилинмоқда. Лекин бу биринчи қадамларимиз холос. Биз республикада яшаётган 17 млн аёлларимиз орзуларини рўёбга чиқаришимиз керак. Республика Хотин-қизлар жамоат кенгашини ташкил қилишни таклиф қиламан. Кенгашга Танзила Нарбаева номзодини раҳбар сифатида таклиф этаман. Хотин-қизларни бизнес юритишга ўргатиш, уларга кредит олишда ёрдам бериш йўлга қўйилади”. 

Бизнинг мамлакатимизнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади, демакки, таълим тизими соҳасидаги ҳар қандай янгилик улкан аҳамиятга эга бўлиб ҳисобланади. Юртимизда таълим соҳасида доимий равишда ислоҳотлар олиб борилишига қарамай, ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Хусусан педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим соҳасида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг жамиятда ўзларини ижтимоий ҳимояланганликларини ҳис этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ишлари келгуси йилда ҳам давом эттирилиши Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилди. Ҳар қандай давлат истиқболи, тарраққиёти ва келажаги ёшлар ва уларнинг салоҳиятига боғлиқ. Олий таълим тизими эса, том маънода эртанги кун эгаларига таълим тарбия берувчи маскан ҳисобланади. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев таълим тизими ҳақида қуйидагиларни келгуси йил учун дастур сифатида белгилаб бердилар: –  Келгуси йилда 10та президент мактаби, 197 та маълум фанларга ихтисослаштирилган мактаблар ўз фаолиятини бошлайди. Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларимизга сифатли таълим бериши ва улар ўз устидан ишлашларидан бошқа ҳеч нарсани ўйламасликлари учун давлат барча шароитни яратиши лозим. Муаллим обрўйини юқори чўққига чиқарсак, вақт ўтиб бу ўзининг жуда катта натижасини беради. Педагогларни рағбатлантириш ишлари келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Олий таълимнинг қамровини оширишга эътибор қаратилади. Давлат грантлари сони 25%га оширилади камида. ОТМларга қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 мингтага етказилади. Аъло баҳоларга ўқиётган эҳтиёжманд оилалар қизлари учун махсус стипендия жорий этилади”.

Мурожаатнома давомида 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинди. 2021 йил номида белгиланган соҳалар тубдан ислоҳ қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ҳамда омавий спорт турларини тарғиб қилиш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши айтилди.

“Бу йилги мурожаатнома ўтган йилгидан фарқли равишда мураккаб даврга тўғри келмоқда. Бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошдан ўтказмоқда.Бундай офат сўнгги 100 йилда ҳам рўй бермаган”. Мирзиёев коронавирус пандемияси ҳақида тўхталар экан,  ушбу офат жаҳон иқтисодиётига қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтираётгани, 500 млн иш ўринлар йўқотилгани ҳақида айтиб ўтди. 

Мурожаатнома давомида миллатимиз, халқимиз учун долзарб бўлган барча соҳаларга тўхталиб ўтилди, 2020 йилда олиб борилган ишларни сарҳисоб қилиш билан бирга, келгуси йил учун ўзига хос дастурил-амал тузиб олинди десак муболаға бўлмайди. Бироқ ушбу истиқбол режани ҳаётга татбиқ этишга нафақат давлатимиз раҳбари, мутасадди ҳодимлар, балки ҳар биримиз юртимиз келажаги учун даҳлдорлик ҳиссини туйган ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим.


“Ижтимоий фанлар, педагогика

ва касбий таълим” кафедраси

        катта ўқитувчиси                                                            Ф.Фаязова