Мамлакатимиз раҳбарининг кенг жамоатчиликка қаратилган ҳар бир чиқишида янги ғоя, янги фикр, шу билан биргаликда мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш йўллари ва бу йўлда пайдо бўладиган ғовлар, мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг ностандарт ечимлари бўйича содда, аниқ, равон тилда баён қилинган маърузаларини тинглаймиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги ҳамда Конституциямиз қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқлари, шунингдек 2020 йилнинг 29 декабрида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилинган навбатдаги мурожаатномасидан ўрин олган асосий мавзу бу тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш, халқимиз учун муносиб шароитларни яратишдир. 

Мурожаатномада ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутиши, шу сабабли ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таяниш зарурлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз кераклиги, бунда энг аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда қуйидаги устувор вазифалар илгари сурилди:

биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўйиш, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш;

иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш;

учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратиш.

Бу ислоҳотлардан кўзланган энг асосий мақсад мамлакатимиз миқёсида бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратишга эришишдир.

Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар. Болаларни боғчалар билан қамраб олишни 2023-йил охиригача 75 фоизга етказиш, келгуси йилларда Ўзбекистоннинг мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсади – ижтимоий аҳволидан қатъий назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат эканлиги, бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш, шунингдек, 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизини қамраб олиниши таъкидланди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш, бунда ЮНИСЕФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш моделини йўлга қўйилиши йил дастуридан ўрин олиши белгиланди.  

Умумий ўрта таълим ислоҳотлари. Ўзбекистонда 2021-йилда 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилиши, соҳада ягона электрон таълим тизимини жорий этишга келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди.

Президент таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро дастурларга мослаштириш лозимлигини айтди. Бундан ташқари, болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади. Бу борада келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этиш вазифалари қўйилди.

         Чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастурнинг амалга оширилиши, жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланиши, шунингдек, ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратиш вазифалари белгиланди.

Мурожаатномадан ўрин олган яна бир муҳим масала бу педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, эскича усулдаги ҳар 5 йилда малака ошириш тизими ўрнига уларнинг “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориш тизимини йўлга қўйиш, шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозимлиги, муаллимлар болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарурлиги, шу боис, ўқитувчи, мураббий ва методистлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330 миллиард сўм йўналтирилишини таъкидладилар.

Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 баробарга оширилиб, бюджетдан 400 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади, шунингдек, болаларнинг меҳнат кўникмаларини мактаб давридан бошлаб шакллантириб бориш мақсадида “касбга ўргатиш тизими” жорий этилиши кутилмоқда. 2021-йилда Ўзбекистонда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.

 Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим ислоҳотлари. Давлатимиз раҳбари иқтидорли ўғил-қизларнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университет ташкил этилиши, ушбу олийгоҳга чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия берилишини таъкидладилар.  

Мурожаатномада 2021-йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сонини камида 25 фоизга оширилиши, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилиши, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши маълум қилинди.

Олий ўқув юртлари ўртасида билимли ва иқтидорли ёшларни жалб қилиш бўйича рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги танқид қилинди, шу сабабли, хусусий олийгоҳларга ҳам керакли мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизимини йўлга қўйиш, олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши, шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилиши таъкидланди.

2021-йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилиши, нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга ошириш зарурлиги маълум қилинди. Шунингдек, бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизлар юборилиши, кейинги йиллардан уларнинг сонини 2-3 баробарга кўпайтириш зарур дея қўшимча қилди Президент.

Шавкат Мирзиёев 2021-йилда физика ва чет тилларини ўрганишни устувор йўналиш этиб белгилашни таклиф қилди. Келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сонини 4,5 мингтага етказиш(2017 йилга нисбатан 3 баробарга ошириш) учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилиши, илғор халқаро амалиёт асосида, доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилиши маълум қилинди.

Мурожаатномадан ўрин олган таълим тизимидаги кенг миқёсдаги бундай ислоҳотлар профессор-ўқитувчилар ва кенг илмий жамоатчилик олдига янги-янги вазифаларни қўяди, таълим тизимида фаолият юритаётган мутахассислардан катта масъулиятни талаб қилади. Ҳозирги давр ёшлари илмга чанқоқ, уларда ахборот технологиялари орқали энг сўнгги билим ва маълумотларни олиш имконияти катта, шу боисдан ҳар бир профессор-ўқитувчи бу борада ўз талаба(тингловчи)сидан 3 қадам олдинда бўлмоғи лозим. Бу албатта, ўз-ўзидан бўлмайди, бунинг учун ҳар бир педагог ўз устида тинимсиз ишлаши, маҳоратини ошириши, илғор хорижий тажрибани ўрганиши, ўзи олиб бораётган маъруза ва амалий машғулотларини сифат жиҳатдан ўзгартириб замон талабларига мослаштириши керак.

Профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошлари бир неча баробарга, талабаларнинг стипендиялари оширилди, улар учун замонавий ахборот ресурс марказлари ташкил этилмоқда, бир сўз билан айтганда, юртимизда ватанпарвар, садоқатли, фидоий, кенг дунёқараш ва ўз позициясига эга, креатив тафаккурлай оладиган ёшларни тарбиялаш, уларнинг илмий-ижодий изланишлари учун кенг имкониятлар яратилган.

Ғаниев Шавкат Ҳамроқулович,

“Ижтимоий фанлар,

педагогика ва касбий таълим”

кафедраси катта ўқитувчиси.