Тасвирий санъат факультети 2-босқич талабаларининг якуний назорат кўриклари бўлиб ўтди

Ҳозирда талабалар учун образли қилиб айтганда ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультети 2-босқич талабалари ҳам ҳаяжонли синовлар даврида туришибди. Уларнинг ойлар давомида яратган ижодий ишлари бугун устозлари кўригидан ўтмоқда.

Ижодий ишларга баҳо бериш доимо мураккаб вазифа. Чунки унга турли ракурслардан ёндошиш мумкин. Aммо бугун Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, “Маҳобатли рангтасвир” кафедраси профессори Aлишер Аликулов бошчилигидаги ҳакамлар тасвирий санъат қоидалари ва адолат юзасидан ёндошишмоқда.

Ҳакамлар ҳар бир талабанинг ижодий ишларини алоҳида таҳлил қилиб, ютуқ ва камчиликларини баҳолаш билан биргаликда, ушбу талаба билан бевосита ишлайдиган устозларига бу талабанинг қайси камчиликлари устида иш олиб бориш борасида ҳам тавсиялар бериб ўтишди. Бу эса талабаларнинг бундан кейинги ижодларида, албатта, ижобий таъсир ўтказади. Чунки бугун унинг ижодига унинг курсдошлари ёки у билан бевосита шуғулланадиган устози эмас, ўзбек тасвирий санъатида ўз ўрнига эга ижодкорлар баҳо беришди.