Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Кенгаш кун тартибидаги асосий масала юзасидан сўзга чиқар экан, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасига тўхталиб, ушбу Мурожаатнома халқимизнинг кўплаб орзу-истакларининг ифодаси эканини, унда тилга олинган ҳар бир масала юртимизнинг кейинги ривожида ҳал қилувчи аҳамият касб этишини, 2021 йилга «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб ном берилишининг ўзиёқ, юртимиз аҳолисининг саломатлиги, ёшларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун янада кўпроқ имкониятлар яратилишидан далолат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, 2021 йил 8 январь куни эълон қилинган  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида институт фаолиятини янада такомиллаштиришга доир бир қатор вазифалар белгилаб берилганиб ҳамда бу қарор орқали юртимиз бадиий таълим соҳасининг эртанги ривожи учун яна бир муҳим асос яратилганини таъкидлар экан, “Қарор қабул қилингани билан барчани чин юракдан табриклаган ҳолда, шуни ҳам алоҳида таъкидлашни лозим деб биламан. Яъни ушбу қарор биз учун улкан имконият яратиш баробарида, зиммамизга унинг ижросини мукаммал таъминлашдек муҳим вазифани ҳам юкламоқда”, деди.

Ўз навбатида, биз ҳам бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан ўзгаришларга камарбаста бўлишимиз, санъат ва маданият, хусусан, бадиий таълим ривожи учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, санъатимизни дунёга танилишига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим дея қайд этиб ўтди.

Шу баробарда 2020 йилда институтда амалга оширилган ишлар сарҳисобига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Кенгаш мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги “Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1059-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан институт томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш, Жамоат ташкилотларининг 2020-2021 ўқув йили бўйича 1-ярим йиллик фаолиятлари тўғрисида, сиртқи таълим бўлимида 2020 – 2021 ўқув йили бўйича кузги семестр натижалари, институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув адабиётларни нашрга тавсия этиш каби институт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, булар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мажлисда шунингдек, Тасвирий санъат ҳамда Амалий санъат факультетлари талабалари учун мутахассислик фанларида янада қулайлик яратиш мақсадида яратилган махсус кийимнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.