Талабалар турар жойида истиқомат қилувчи талабалар билан мулоқот

#talaba_yoshlar_bilan_muloqot

Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган энг муҳим вазифалардан бири – бу ёшлар билан мулоқот қилишдир. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти томонидан ҳам бу борада талайгина ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, институт раҳбарияти Талабалар турар жойида истиқомат қилувчи талабалар билан доимий равишда мулоқотда бўлиб туради. Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев у ерга ташриф буюриб, ёшлар билан мулоқот қилиши анъанага айланган. Бугун ҳам ректор Талабалар турар жойида бўлди.

Нодирбек Сайфуллаев ташриф аввалида Талабалар турар жойида талабалар учун ташкил этилган кутубхонага бадиий ва ўқув адабиётларилардан иборат китоблар жамланмаси ҳамда институтнинг “Мусаввир” газетасини тақдим этди.

Шундан сўнг ошхона, спорт хонаси, кутубхона ва ётоқхоналарига кириб, талабалар учун яратилган шароитлар билан яна бир бор танишди. Шу билан бирга, бу ердаги иссиқлик таъминоти, ободончилик ва тозалик ҳолатларини ҳам кўздан кечирди.

Ташриф давомида ректор талабалар билан жонли мулоқот ўтказиб, уларнинг қизиқишлари институтда  яратилган шароитлар, дарс жараёнлари тўғрисидаги фикрлари билан танишди. Дастгоҳли рангтасвир, Маҳобатли рангтасвир, Либос дизайни йўналиши талабаларининг якуний назорат кўрикларига тайёргарлиги билан танишиб, уларга бўлажак имтиҳонларда омад тилади.

Талабалар мулоқот давомида ўзлари учун яратилган қулайликлардан мамнун эканликларини таъкидлаб ўтдилар.

Таъкидлаш жоизки, Талабалар турар жойи яқин кунларда янги тўшаклар, мебел жиҳозлари (китоб ва оёқ кийим жавонлари) ҳамда антисептик воситалари билан тўлиқ таъминланди.