
Семинарда “Информатика ва менежмент” кафедраси доценти Умида Зуннунова талабаларга Creative Spark дастури хакида батафсил маълумот берди. Хусусан, муайян лойиҳа бевосита талабаларга мўлжалланиб, улар учун тадбиркорлик тренинглар, инглиз тили курси, интеллектуал мулк бўйича курс ҳамда бизнес таклифлар танловини ташкил этилганини айтиб ўтди.
Олий таълимда креатив тадбиркорликни ривожлантириш замонавий таълим стандартларининг долзарб масалаларидан бирига айланган. Талабалар Big Idea Challenge (бизнес таклифлар танлови) да Creative, Social, Digital ҳамда янги қўшилган Climate Change категориялари бўйича қатнашиши мумкин.
Иқлим ўзгариши бугунги кунда умумбашарий муаммолардан биридир. “Иқлим ўзгариши ва ёшларнинг экологик маданияти” мавзусида “Информатика ва менежмент” кафедраси доценти, биология фанлари номзоди Карима Аскархаджаева маъруза қилди.
“Дизайн” кафедраси доценти Ойбек Касимов ижодкорлар ҳам ушбу муаммога бефарқ эмаслиги ва турли бадиий ечимларни таклиф қилишлари хақида қизиқарли маъруза қилди. “Табиат ва санъат уйғунлиги” мавзусида ўтмишда аждодларимиз ландшафт борасида юксак эстетик дид соҳиблари бўлганлиги, ўрта асрларда боғлардан кўпроқ фойда олиш мақсадларида фойдаланиб, уларда доривор гиёҳлар, узумзорлар ва бошқа мевазор боғларни яратилишига эътибор қаратилганлиги, меъморий муҳит, боғ-роғлар яратилишида диний-фалсафий қарашлар ҳам ўз ўрнида ғоявий таянч сифатида хизмат қилганлиги тўғрисида қизиқарли маэлумотлар берилди.
Илмий таҳлил жараёнида аниқланишича, ҳар қандай мамлакат тараққиёти унинг қишлоқ ва шаҳарларининг ободонлигига, манзараларининг маданий жиҳатдан яхши ташкил этилганлигига, йўл ва гўшаларининг равонлиги, хушманзаралигига қараб баҳоланади.
“Табиат ва санъат уйғунлиги” мавзусини давом эттирган “Бадиий кулол ва меъморий ёдгорликлар безагини тамирлаш” кафедраси мудири Дилшод Хайитметов ижодкорлар доим табиатдан илҳомланганлиги, нақш ва безакларни яратишда табиатдан нусха олиб бадиий ишларни бойитиб келганлигини айтиб ўтди.
Семинар якунида “Информатика ва менежмент” кафедраси мудири Сайёра Закирова Big Idea Challenge танловида қатнашиш имкониятлари ва шартлари билан талабаларни таништирди.
Семинар якунида лойиҳага қизиққан талабалар рўйхатини шакллантирди.