Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Гулноз Жалолованинг “Рангли тушлар” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Кино ва телефильмнинг тасвирий ечими” мутахассислиги 2-босқич магистранти  Гулноз Жалолованинг 2021 йил – «Ёшларни қўллаб – қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»га бағишланган “Рангли тушлар” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Гулноз Жалолованинг устозлари, яқинлари, ижодкорлар, соҳа мутахассислари ҳамда санъат ихлосмандлари иштирок этиб, кўргазмада намойиш этлатган асарларга юқори баҳо беришди ҳамда ёш, истеъдодли ижодкорга омад ва зафарлар тилашди.

Кўргазмада 40 дан ортиқ турли мавзудаги рангтасвир ишлари намойиш қилинди.

Серғайрат, изланувчан ёшлардан бири бўлган Гулноз Жалолова жуда кўп республика ва халқаро танлов ҳамда кўргазмаларда иштирок этган. Ҳар йили Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан ўтказиладиган “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”да фаол қатнашиб диплом ва сертификатлар билан тақдирланган. 2018 йилда эса ушбу фестивалнинг “Олтин медали” ни қўлга киритган.

2020 йилнинг декабрь ойида Испаниянинг халқаро “Dali’s Mustache” онлайн танловининг икки босқичли Супер финалида ҳамда Москва шаҳрида ўтказилган халқаро “New year planet – 2020” фестивалида ўз ижодий ишлари билан иштирок этиб, фахрли 1-ўрин соҳибаси бўлди.

2020 йил Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмасининг “Ёшлар” шўъбаси аъзосига айланди.

Кўргазма жорий йилнинг 3 мартигача давом этади.