Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар  ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида кийиниш маданияти тарғиботини ташкил этишга қаратилган «Нафосат» фестивали доирасида ёш дизайнерлар ва соҳа мутахассислари билан “Замонавий мода ва анъаналар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар томонидан «Тасвирий санъатда ўзбек аёли тимсоли» мавзусидаги ижодий ишлар кўргазмаси ҳамда маҳорат дарси ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ёшлар тарбиясида  кийиниш маданияти ҳам муҳим аҳамият касб этишини, айниқса, талаба-қизлар жамиятимизнинг зиёли вакилалари сифатида бу борада барчага намуна бўлишлари лозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Сенатор Носирбек Абдуллахонов ҳамда мазкур қўмита  бош маслаҳатчиси Нодира Шотурсуновалар сўзга чиқиб, бугунги кунда аёл-қизларимизнинг кийиниш маданиятини янада юксалтириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Тадбир давомида институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларининг «Замонавий бош кийим санъати», «Замонавий ўзбек аёли образи», «Ижодкор аёл»,  «Талаба қиз» каби мавзулардаги тақдимотларида кийиниш маданияти, унинг бугунги ҳаётимизда тутган ўрни, ёшлар орасида урфга кираётган кийимлар, талабаларнинг таълим олиш учун қулай ҳамда ёшига мос бўлган кийимларни кийишлари, бунинг афзалликлари ҳақида сўз юритилди.

Шу билан бирга, тадбир доирасида  «Нафосат – 2021» фестивали номинациялари бўйича модалар намойиши ташкил этилди. Мазкур намойишдан ўзбек миллий либослари билан бир қаторда, бугунги кунда ўқиш ва ишда кийиш мумкин бўлган қулай ва бежирим либослар ўрин олди.

Давра суҳбати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Тадбир сўнгида фаол иштирок этган талаба-қизлар ташкилотчилар томонидан дипломлар билан тақдирланди.