
Баҳор фасли гўзал байрамлари билан қадрли. Мана шундай гўзал байрамлардан бири, шубҳасиз, 8 март – Халқаро хотин- қизлар кунидир. Ушбу байрамда мунис аёлларга байрамона кайфият улашиш, уларни байрам билан қутлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти томонидан институтда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар учун “Аёл борки, олам мунаввар” номли байрам тадбири ташкил этилди.







Тадбир аввалида ташриф буюрган барча аёллар – институт профессор-ўқитувчилари ҳамда ходимлари ҳурмат ва эҳтиром ила гуллар ҳамда байрам совғалари билан кутиб олинди.






Байрам дастурини институт ректори Нодирбек Сайфуллаев очиб бериб, кириб келаётган баҳор айёми ҳамда Халқаро хотин-қизлар куни билан институтдаги барча мунис ва мўътабар аёлларни чин дилдан қутлаб, ўзларининг самарали фаолиятлари билан юртимиз бадиий таълими ривожига, институт нуфузини ошириш ҳамда ёшлар маънавиятини янада юксалтиришга улкан ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимларини ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Ўзбекистон Бадиий академияси бош илмий котиби Феруза Абиджанова ҳам барчамиз учун қадрли бўлган ушбу айём билан тадбирга жам бўлган мўтабар аёл-қизларни самимий муборакбод этди.



Шундан сўнг Ўзбекистон халқ артисти Самандар Алимов, хушовоз хонанда Наргиза Азимова, ёш умидли хонанда Жасмина ҳамда Ўзбекистон давлат филармониясининг хонанда ва созандалари ўзларинингшўх куй-қўшиқлари билан йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Азиз ва дилбар опа-сингиллар, мухтарама аёллар! Институт раҳбарияти сизларни нафосат ва гўзаллик айёми – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан самимий муборакбод этади. Ҳар бирингизга ўз хонадонингизнинг фариштаси ва бекаси, севимли ва вафодор ёр, меҳрибон она, яқинларингиз ардоғида бўлиб юриш насиб этсин! Байрамингиз муборак бўлсин!